Самарқандда Isuzu уриб юборган велосипедчини Damas босиб кетди
3-саҳифа
−
02 Февраль 4131 1 дақиқа
Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида велосипедчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 29 январь куни соат 18:20 лар атрофида Тойлоқ тумани “Жумабозор” МФЙ ҳудудидан ўтган D-069 автомобиль йўлининг 12-километрида оғир йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Тойлоқ-Ургут йўналишида ҳаракатланиб кетаётган велосипедчини шу йўналишда келаётган Isuzu русумли юк автомашинаси уриб юборган. Зарба оқибатида велосипедчи йўлга йиқилган. Орқа томондан келаётган Damas русумли транспорт воситаси эса уни босиб кетган. Ҳодиса сабаб велосипедчи воқеа жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тойлоқ тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари барча йўл ҳаракати иштирокчиларини йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилишга чақирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2025 йилда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 2 188 киши вафот этгани хабар қилинган эди.
Live
Барчаси