Самарқандда чиқинди йиғиш тарифлари яна қимматлади
Жамият
−
27 Апрель
3871Самарқанд вилоятида аҳоли учун чиқинди йиғиш ва олиб чиқиш нархи яна оширилади. Бу ҳақдаги қарор кеча, 26 апрель куни бўлиб ўтган Халқ депутатлари вилоят кенгашининг 98-сессиясида қабул қилинди.
Маълум қилинишича, сессияда депутатлар маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиш учун мажбурий тарифлар миқдорини тасдиқлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиққан. Тегишли бошқармаларнинг хулоса ва сўровлари асосида вилоятнинг шаҳар ва туманларида мазкур хизматлар учун ҳақ тўлаш бўйича мажбурий тарифларнинг янги миқдори тасдиқланган.
Қарорга кўра, Самарқанд шаҳри ва Самарқанд вилоятида ҳар бир кишидан ойига 5600 сўмдан ундирилади. Каттақўрғон ва вилоятнинг бошқа туманларида бу миқдор 4 минг 624 сўмни ташкил этади.
Чиқинди нархининг оширилиши кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш, маҳаллаларнинг экологик ҳолати ва санитария ҳолатини ўзгартиришга қаратилган.
“Тарифлар ҳақида батафсил маълумот кейинроқ эълонда берилади”, дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Сирдарё, Сурхондарё вилоятлари ва Қарши шаҳрида қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун ягона тўлов тарифлари тасдиқланганди.
Райҳона Улканбаева