Самарқандда автобусни “тошбўрон” қилганларга чора кўрилди
Жамият
−
29 Июль 2023
16844Аввалроқ Самарқандда 50 нафардан ортиқ одам автобус йўлини тўсиб, ойнасига тош отгани ҳақида хабар берилган эди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳолатга алоқадор барча фуқаролар аниқланиб, уларга нисбатан чора кўрилганини маълум қилди.
Қайд этилишича, кеча, 28 июль куни соат 14:00 ларда Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани ҳудудидан ўтувчи М-37 автомобиль йўлида вилоятлараро йўловчи автобус ҳайдовчиси, ўзи билан бир йўналишда ҳаракатланиб кетаётган Damas ҳайдовчисининг йўлига чиқиб кетган. Бунинг ортидан ҳайдовчилар ўзаро йўл талашиб, тортишиб қолган.
Шундан сўнг, Damas ҳайдовчиси Й.Ш. Самарқанд вилояти Оқдарё тумани “Ойтамғали” МФЙ ҳудудида танишлари билан М-37 автомобиль йўлини тўсиб, автобусни ҳаракатланишига йўл қўймасдан, автобусга шикаст етказган. Ҳодисада ҳеч ким жароҳат олмаган.
Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ томонидан ўрганиш ишлари олиб борилиб, ушбу ҳолатда иштирок этган барча шахслар аниқланиб, ушланган. Шунингдек, воқеага алоқадор 14 нафар шахсга нисбатан 15 суткадан маъмурий тартибда қамоқ жазоси тайинланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан қўшимча ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь