Самарқандда ака синглисига севги изҳор қилган болани “самосуд” қилди
3-саҳифа
−
20 Май
10590Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятида мактаб ўқувчиси “самосуд” қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. Болалар омбудсмани мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Дастлабки маълумотларга кўра, жорий йилнинг 16 май куни Паст Дарғом тумани ИИБга 2009 йилда туғилган Б.С. (ўғил бола) тан жароҳати олганлиги тўғрисида унинг онаси Ж.И. дан ариза келиб тушган.
Терговга қадар текширув давомида аниқланишича, вояга етмаган Б.С. 20-мактабнинг 9-синфида таълим олади. У шу мактабнинг 6-синфида ўқийдиган қизга севишини айтган. Шундан сўнг қизнинг акаси ҳолатдан хабар топиб, 15 май куни Б.С. ни ўз уйининг ички томонига олиб кириб, унга тан жароҳати етказган. Шунингдек, ака гўёки ўқувчининг таъзирини бериш мақсадида Б.С. нинг сочи ва қошини қайчи билан қирқиб, уйидан чиқариб юборган.
Мазкур воқеа юзасидан кеча, 19 май куни Паст Дарғом тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 105-моддаси 1-қисми (Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
“Шунингдек, тергов давомида вояга етмаган Б.С. га нисбатан содир этилган бошқа ғайриқонуний ҳаракатларга ҳуқуқий баҳо берилмоқда. Бу борада қўшимча ахборот берилади”, дейилади хабарда.