Салтанат Нукенова ва Бишимбаев ўртасида никоҳ ўқиган имом жазоланди
Олам
−
19 Апрель
26732Салтанат Нукенова ва Қозоғистоннинг собиқ миллий иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаевнинг никоҳини ўқиган имомга нисбатан интизомий чора кўрилди. Бу ҳақда Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси хабар берди.
Билдирилишича, Қозоғистонда давлат органлари томонидан рўйхатга олинган никоҳлар расман тан олинади.
Шу боис, Ички ишлар вазирлигининг ички иш тартиби талабларидан келиб чиқиб, масжид ходимлари никоҳ тўйидан олдин бўлажак турмуш ўртоқлардан фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимида (ФҲДЁ) рўйхатга олинганини тасдиқловчи маълумотномани талаб қилади.
“2022 йил 17 октябрь куни Остона шаҳридаги республика бош масжидида Бишимбаев ва Салтанат гувоҳлар олдида никоҳ маросимини ўтказган. Улардан ва яқинларидан ФҲДЁ бўлимида рўйхатга олинганини тасдиқловчи маълумотнома сўралганда, у энди тайёр бўлаётганини айтишган”, дейилади бошқарма хабарида.
Қайд этилишича, имом маросимни гувоҳномасиз ўтказган, бу эса у Ички ишлар вазирлигининг ички иш тартибини бузганини билдиради.
“Имомга нисбатан интизомий чоралар ва огоҳлантиришлар кўрилди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг ноябрь ойида бир қатор қозоқ маҳаллий ОАВларида Остона шаҳридаги ресторанлардан бирида Салтанат Нукенова исмли аёл калтакланиб, тез ёрдам келгунига қадар вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Кейинчалик аёл собиқ вазир Куандик Бишимбаевнинг рафиқаси бўлгани ва уни Бишимбаев ўлдиргани айтилди.
Мутахассислар марҳума Нукенованинг танасида пичоқ жароҳатлари изини топмаган. Тахминларга кўра, у бошига тўмтоқ жисм билан берилган кучли зарбадан ҳалок бўлган.
Ҳозирда Куандик Бишимбаев икки моддада айбланмоқда:
- Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 99-моддаси, 5-банд, 2-қисм ("Ўта шафқатсизлик билан қотиллик");
- Жиноят кодексининг 110-моддаси, 1-банд, 2-қисм (“Қийнаш”).
Унинг қариндоши, “Гастромарказ” директори Бахитжан Байжановга ҳам иккита айблов қўйилган:
- Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 432-моддаси (“Яшириш”);
- Жиноят кодексининг 434-моддаси ("Жиноят ҳақида хабар бермаслик").
Маълумот учун, 43 ёшли Куандик Бишимбаев турли вақтларда Президент ёрдамчиси, Саноат ва савдо вазири ўринбосари, Савдо ва иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари, “Самрук-Казина” жамғармаси раиси ўринбосари, “Байтерек” холдинг бошқаруви раиси бўлган.
2016 йилнинг майидан декабригача Қозоғистон Миллий иқтисодиёт вазири бўлган. 2017 йилнинг январида у ўғриликда айбланиб ҳибсга олинган, 2018 йил март ойида эса 10 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Кейинчалик унинг жазо муддати икки бараварга қисқартирилган ва 2019 йилнинг октябрида Бишимбаев озодликка чиққан.
LiveБарчаси