Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти ташкил этилади
Жамият
−
07 Сентябрь 2023
2634Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти этиб қайта ташкил қилинади. Бу ҳақда Президент “Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.
2024 йил 1 январдан институт ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш шартларига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқарув органлари ходимларига тенглаштирилади.
Институтнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
соғлом турмуш тарзини шакллантириш, юқумли бўлмаган касалликларга қарши курашиш ҳамда олдини олиш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, зарарли одатларга қарши курашиш, аҳолининг барқарор тиббий маданиятини шакллантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
илғор ва мақбул хорижий тажриба асосида соғлиқни сақлаш тизими фаолиятининг устувор йўналишлари, ўрта муддатли ва узоқ муддатли ривожланиш сценарийлари ва стратегиялари бўйича илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш;
тиббий статистикани шакллантириш ва юритиш, статистик кўрсаткичларни шакллантиришда халқаро стандартлар ва методикаларни жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, тиббиёт соҳасидаги статистик маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш, умумлаштириш, таҳлил қилиш, тарқатиш ва сақлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги институт билан биргаликда икки ой муддатда 2024-2026 йилларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, тўғри овқатланишни тизимли тарғиб қилиш ва оммалаштириш дастурини ишлаб чиқади ва унда, жумладан, қуйидагилар назарда тутилади:
соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган йилига 25 тагача промо-роликлар, дастур ва телекўрсатувлар тайёрлаш;
уяли телефон фойдаланувчиларига касалликлар профилактикаси ва соғлом турмуш тарзи асослари бўйича ҳар куни қисқа хабарлар (SMS) юбориш;
журналистлар ва бошқа матбуот вакиллари ўртасида ҳар йили “Соғлом турмуш тарзи бўйича йилнинг энг яхши тарғиботчиси” танловини ўтказиш;
бозорлар, самолёт, поезд, автобус, метро, супермаркетлар ва фуқаролар оммавий йиғиладиган бошқа жойларда соғлом турмуш тарзи бўйича роликлар намойиш қилиш, радиомаслаҳатлар тақдим қилиш ва буклетлар тарқатишни таъминлаш.
Акобир Сайидов