Нукусда институтга ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилганлар ушланди
3-саҳифа
−
03 Август
3330Нукус давлат педагогика институтига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган фирибгарлар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратурас ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси ва Ҳазорасп тумани бўлими томонидан ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар Г.Х. ва Ч.Р. фуқаро Х.Б.ни танишлари ёрдамида Нукус давлат педагогика институтининг мактабгача таълим йўналиши бўйича ўқишга киритиб қўйишга ваъда берган. Улар бу “хизмати” эвазига 2 750 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
“Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ юридик университетга ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган фирибгар ушланганди.