Саида Мирзиёева БМТ минбарига чиқди (фото+видео)
Жамият
−
24 Март 2023
18808Кеча, 23 март куни БМТнинг бош қароргоҳида Сув масалаларига бағишланган конференциянинг юқори даражадаги ялпи мажлисида Ўзбекистон делегацияси аъзоси, Ўзбекистон Президенти Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўба мудири Саида Мирзиёева нутқ сўзлади. У БМТ минбарида Орол денгизи фожиасининг оқибатлари, уларни юмшатиш бўйича Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ва бу борадаги халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда Ўзбекистоннинг етакчилиги хусусида сўз юритди.
Маълум қилинишича, халқаро ҳамжамият 45 йиллик танаффусдан сўнг илк маротаба Сув масалаларига бағишланган конференцияда жам бўлди. Чунки масала ниҳоятда долзарб: 2050 йилга бориб дунё аҳолисининг 5 млрд кишиси сув танқислигидан азият чекиши мумкин.
Саида Мирзиёева Оролбўйидаги Мўйноқ илгари йирик ишлаб чиқариш қувватларига эга порт шаҳар бўлгани, кейинчалик мувозанат бузилиб, денгизнинг ўлик қирғоқлари кемалар қабристонига айланганини таъкидлаб, қорақалпоқ элининг атоқли шоири Ибройим Юсупов ижодидан денгизнинг кўз очиб юмгунча саҳрога айланиши тасвирланган сатрларни ўқиб берган.
Ўзбекистон амалга ошираётган чора-тадбирлар ҳақида сўз борганда, минтақани молиялаштириш, иқтисодий салоҳиятини ошириш, асосийси, матонатли қорақалпоқ элининг саломатлигини тиклаш, ҳудудда яшил боғларни яратиш учун 14 млн доллардан ортиқ маблағ ажратилгани айтилди.
Фожиа оқибатларини бевосита ўз бошидан кечираётган Қорақалпоғистон халқининг матонати, меҳнатсеварлиги, яратувчанлиги алоҳида эътироф этилди. Минтақанинг оғир шароитида, айниқса, аёллар кучли ғамхўрлик ва кўмакка муҳтожлиги, улар учун имкониятларни кенгайтириш зарурлигига эътибор қаратилди.
Шунингдек, Саида Мирзиёева ўзининг ижтимоий тармоқлардаги каналида БМТ минбарига чиқиб, нутқ сўзлагани ҳақида ёзиб қолдирди.
“Нью-Йоркда сув масалалари бўйича бўлиб ўтган БМТ анжуманида Ўзбекистон номидан чиқиш қилиб, Орол денгизи минтақаси учун муҳим бўлган масалаларни кўтардим. Ушбу анжуманда иштирок этиш мамлакатимизга сув ресурсларини бошқариш соҳасидаги муаммолар ва ютуқлар билан бўлишиш, бошқа мамлакатларнинг илғор тажрибаси ва амалиёти билан танишиш имконини берди.
Мен ўз чиқишимда Орол денгизи экологик фожиасига қарши курашишда маданият ва ижоднинг муҳим аҳамиятга эгалигини қайд этдим. Бу борадаги ишлар доирасида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан кенг кўламли таълим ва маданий дастурларни ўз ичига олган Aral Culture Summit лойиҳаси билан таништирдим”, дейди Мирзиёева.
LiveБарчаси