Дунё бўйлаб 9 мингга яқин мигрант ҳалок бўлди – БМТ
Олам
−
22 Март
14062024 йилда дунё бўйлаб 8938 мигрант ҳалок бўлди. Бу ҳақда БМТ ҳузуридаги Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) маълум қилди.
“Дунё бўйлаб мигрантлар ўлими ортиб бораётгани фожиадир ва бунинг олдини олиш мумкин. Ҳар бир рақам ортида инсон тақдири турибди, бу уларнинг оилалари учун катта йўқотиш. Кўплаб минтақаларда ўлимлар сонининг ошиб бораётгани глобал ёндашув зарурлигини кўрсатмоқда, бу фожиавий йўқотишларнинг олдини олиши керак”, дейди ХМТ операциялар бўйича бош директор ўринбосари Уготи Дэниелс.
2024 йил дунё миқёсида энг ҳалокатли йил бўлиши билан бирга, айрим ҳудудларда рекорд даражадаги ўлимлар қайд этилган. Хусусан:
- Осиё – 2 778 мигрант;
- Африка – 2 242 мигрант;
- Европа – 233 мигрант ҳалок бўлган.
Америка бўйича якуний маълумотлар ҳали эълон қилинмаган, бироқ 2024 йилда камида 1 233 киши ҳалок бўлган. Жумладан, Кариб ҳавзасида 341 мигрант, Дарьен ўрмонидан ўтиш чоғида эса 174 мигрант ҳалок бўлгани қайд этилган.
Дунё бўйлаб мигрантлар ўлимининг камида 10 фоизи зўравонлик оқибатида содир бўлган. 2024 йилда бу асосан Осиёдаги мигрантларга нисбатан содир этилган. Хусусан, Жанубий ва Жануби-шарқий Осиё йўналишларида 600 га яқин мигрант ҳалок бўлган.
Аслида мигрантлар ўлими ва бедарак йўқолишлар сони расмий ҳисоботларда кўрсатилганидан анча юқори бўлиши мумкин. Кўплаб ўлим ҳолатлари расмий манбалар етишмовчилиги сабабли ҳужжатлаштирилмаган.
“Ўлимларнинг кўпайиши даҳшатли ҳолат, аммо минглаб мигрантларнинг шахсини аниқлай олмаслик бундан ҳам фожиали”, дейди ХМТнинг Бедарак йўқолган мигрантлар лойиҳаси координатори Жулия Блэк.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) ҳисоботида COVID-19 пандемияси давридаги пасайишдан сўнг дунёда одам савдоси яна ўсиш босқичига ўтгани маълум қилинганди. Хусусан, 2022 йилда одам савдоси қурбонлари сони 2019 йилга нисбатан 25 фоизга, 2020 йилга нисбатан эса 43 фоизга ошган.