Саида Мирзиёева БМТ Давлат хизмати форумида иштирок этди
Жамият
−
23 Июнь 4833 1 дақиқа
Бугун, 23 июнь куни Самарқанд вилоятида БМТ Давлат хизмати форуми бошланди ва унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ҳам иштирок этди. Бу ҳақда Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.
Мирзиёева форум иштирокчиларига Президент Шавкат Мирзиёевнинг табрикларини етказган.
“Иштирокчиларга Ўзбекистон Президенти номидан самимий қутлов сўзларини етказиш мен учун катта шарафдир. Дунё шиддат билан ўзгармоқда ва биз Ўзбекистонда бу ўзгаришларга фаол ислоҳотлар билан жавоб бермоқдамиз: рақамли давлат қуряпмиз, истеъдодларга сармоя киритяпмиз, барча учун – айниқса, давлат бошқаруви органларининг учдан биридан кўпроғини ташкил этаётган аёллар учун имкониятларни кенгайтиряпмиз”, дея қўшимча қилган Президент ёрдамчиси.
Шунингдек, Саида Мирзиёева Ўзбекистон томонининг ташаббусларига ишонч билдирган халқаро ҳамкорларга миннатдорлик билдирган.
“Саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш ва ёш етакчиларни қўллаб-қувватлаш орқалигина биз одамларга, уларнинг келажагига чинакам хизмат қиладиган давлат хизмати тизимини яратишимиз мумкин”, деган Мирзиёева.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Саида Мирзиёевани мамлакатда шаффофлик тамойилларини илгари суриш, жамоатчилик билан очиқ мулоқотни ривожлантириш ва ахборот сиёсатини модернизация қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларни эътироф этувчи мукофот билан тақдирлаганди.
Live
Барчаси