Safe Road’дан маълумотлар сиздирилгани айтилмоқда. Компания баёнот берди
Жамият
−
10:41 929 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Safe Road иловаси фойдаланувчиларининг шахсий маълумотлари тарқалиб кетгани ва Telegram’даги OSINT ботларида сотувга чиқарилгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Компания эса бу иддаоларга жавобан расмий муносабат билдириб, маълумотлар тарқалиб кетганини рад этди.
Тарқалган хабарларга кўра, хакерлар ёки аноним ботлар базасида фуқароларнинг ID-карта маълумотлари, жарима тўловлари учун боғланган банк карталари ва иловадан фойдаланилган қурилмалар ҳақидаги маълумотлар борлиги айтилган.
Бироқ компания ижтимоий тармоқларда тарқалаётган бу хабарларни ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирган.
“Тармоқда сотилаётгани айтилган маълумотлар илова ишга туширилишидан анча олдин мавжуд бўлган турли манбалардан йиғилган эски маълумотлар бўлиб, уларнинг компаниямизга мутлақо алоқаси йўқ. Ҳозирда ботлар орқали тарқатилаётган расмлар ва маълумотлар асоссиз туҳматдан иборат”, дейилади баёнотда.
Компания, шунингдек, 1 сентябрдан эътиборан Safe Road бренди Safe Service номи остида фаолият юритаётганини эслатган. Баёнотда аввалги бренд номи ва логотипидан фойдаланиб тарқатилаётган хабарлар ёлғон эканига ҳам урғу берилган.
Қайд этилишича, ҳайдовчиларнинг шахсий маълумотлари Ўзбекистон қонунчилиги талабларига мувофиқ махсус ҳимояланган серверларда сақланади. Уларни узатиш жараёнида эса шифрлаш усули қўлланади.
Компания бундай хабарларнинг тарқатилишини бозорда носоғлом рақобат муҳитини юзага келтиришга қаратилган ҳаракат, деб баҳолаган.
Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича ноқонуний ҳаракатлар манбасини аниқлаш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш мақсадида тегишли давлат органлари билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
Live
Барчаси27 Октябрь