Садир Жапаров Қирғизистон Бош вазири лавозимига тасдиқланди
Олам
−
10 Октябрь 2020
11598Бугун, 10 октябрь куни Қирғизистон Жўқорғи Кенеши депутатлари Бош вазири лавозимига Садир Жапаров номзодини тасдиқлади.
Парламент йиғилишида Садир Жапаров аввал ўз дастурини тақдим этган. Овоз бериш вақтида ҳеч бир депутат унинг номзодига қарши овоз бермаган. Аҳамиятлиси у 4 октябрь куни бошланган намойишлар вақтида қамоқхонадан озод қилинганди.
Маълумот учун, парламент йиғилишида спикер Миктибек Абдилдаев истеъфосини эълон қилди. Садир Жапаров депутатларга Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков истеъфо бериш ниятида эканини маълум қилди.
Агарда Президент истеъфо берса, унинг вазифасини вақтинчалик Жўқорғи Кенеш спикери бажариб туради. Аммо спикер ҳам сайланмаган бўлса, бу вазифани вақтинча бажариш Бош вазирга юклатилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди.
Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.
Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди. Озод қилинганлар орасида Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳам бор.
Президент Сооронбай Жээнбеков юз бераётган тартибсизликлар бўйича баёнот бериб, баъзи сиёсий кучлар давлат ҳокимиятини ноқонуний равишда эгаллаб олишга уринганини айтиб ўтди.
Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.
Ҳозиргача Жўқорғу Кенеш спикери Дастан Жумабеков ва мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов истеъфога чиқди. Жумабеков ўрнини Миктибек Абдилдаев эгаллади. Боронв ўрнига Жапаров номзоди кўрсатилди.
Ўзбекистон қўшни Қирғизистонда юз бераётган воқеаларга муносабат билдириб, жиддий ташвишда эканини билдирди.
LiveБарчаси