Саакашвили яна 4,5 йилга қамалди

Олам

image

Бугун, 17 март куни Тбилиси шаҳар суди Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвилини тўрт ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда “Mtavari” хабар берди.

Қайд этилишича, Саакашвилининг ўзи суд мажлисида иштирок этмаган. Грузиянинг “TV Pirveli” телеканали хабарига кўра, ҳукмнинг эълон қилиниши мажлислар залида шов-шувга сабаб бўлган, натижада собиқ президентнинг тарафдорлари у ердан чиқариб юборилган.

Қайд этиш жоиз, ўша пайтда қидирувда бўлган Михаил Саакашвили 2021 йил 29 сентябрда Грузияга яширинча келган. 1 октябрь куни сиёсатчи давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида ҳибсга олинган.

Худди шундай айбловлар яна тўрт нафар айбланувчига ҳам қўйилган.

Айни вақтда Михаил Саакашвили депутат Валери Гелашвилининг калтакланиши ва банк ходими Сандро Гиргвлианининг қотилларини афв этиш бўйича олти йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда. 2022 йил май ойидан бери сиёсатчи Тбилисидаги “Vivamedi” фуқаролик клиникасида даволанмоқда.

Жорий йилнинг 12 март куни Грузия суди Михаил Саакашвилини бюджетдан 9 млн лари (2,9 миллион доллар)ни ўзлаштириш иши бўйича тўққиз йилга озодликдан маҳрум қилганди. У давлат маблағларидан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланганликда айбдор деб топилди.

Жазоларнинг қисман қўшилиши муносабати билан Михаил Саакашвили 12 йилу 6 ой муддатга қамалган. Грузия собиқ президентининг тарафдорлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари унга қўйилган айбловларни сиёсий деб ҳисобламоқда. Европа Иттифоқи Михаил Саакашвилини сиёсий маҳбус деб тан олган.


Мақола муаллифи

Теглар

Грузия Тбилиси Михаил Саакашвили

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг