Рубио туркманистонлик мавқедоши билан учрашди

Олам

image

Кеча, 24 август куни АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Вашингтонда Туркманистон Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов билан учрашди. Бу ҳақда Туркманистоннинг Вашингтондаги элчихонаси хабар берди.

Қайд этилишича, томонлар иқтисодий ва савдо алоқаларини ривожлантиришга содиқлигини тасдиқлаган. 

Музокаралар чоғида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ иштирокидаги C5+1 форматида минтақавий интеграцияни қўллаб-қувватлаш ҳамда хавфсизликни мустаҳкамлаш масалаларида келишувга эришилган. 

Рубио, шунингдек, Исроил–Эрон можароси вақтида Эрон ҳудудидан АҚШ фуқароларини эвакуация қилишда кўрсатган ёрдами учун Туркманистонга миннатдорлик билдирган.

Давлат департаментининг маълум қилишича, Вашингтонда икки томонлама йиллик сиёсий маслаҳатлашувларнинг ўн биринчи раунди ҳам ўтказилган. Унда Мередов ва АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича давлат котиби ёрдамчиси Жон Марк Поммершайм иштирок этган.

Ўз навбатида, Туркманистон ТИВ матбуот хизмати учрашувда икки давлат муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, халқаро кун тартибидаги масалалар муҳокама қилинганини билдирган. Томонлар хавфсизлик, савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳамда C5+1 доирасидаги минтақавий шерикликни кучайтиришга келишиб олган. Шунингдек, йирик Америка компаниялари билан лойиҳаларни амалга ошириш ва Туркманистондаги инвестиция имкониятларини кенгайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилган.

Маълумот учун, С5+1 бу АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон) ўртасидаги минтақавий ҳамкорлик формати бўлиб, у 2015 йилда АҚШ ташаббуси билан йўлга қўйилган. Форматнинг асосий мақсади Марказий Осиё мамлакатлари билан АҚШ ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва минтақавий муаммоларни биргаликда ҳал қилишдан иборат.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти Озарбайжон ва айрим Марказий Осиё давлатларини Иброҳим келишувларига қўшиш масаласини фаол муҳокама қилаётгани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Рашид Мередов Вашингтон Марко Рубио

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг