Трамп Марказий Осиё давлатларини Иброҳим келишувларига қўшмоқчи – “Reuters”
Олам
−
03 Август 10665 4 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти Озарбайжон ва айрим Марказий Осиё давлатларини Иброҳим келишувларига қўшиш масаласини фаол муҳокама қилмоқда. Бу орқали Исроил билан мавжуд муносабатларни янада мустаҳкамлаш кўзланган. Бу ҳақда мазкур масалага яқин бўлган беш нафар манбасига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Иброҳим келишувлари 2020 ва 2021 йилларда Трампнинг илк президентлик даврида АҚШ воситачилигида тўртта мусулмон аҳолиси кўп давлат – БАА, Баҳрайн, Марокаш ва Судан – томонидан Исроил билан дипломатик муносабатларни нормаллаштириш учун имзоланган эди. Бироқ Озарбайжон ва барча Марказий Осиё давлатлари аллақачон Исроил билан узоқ йиллик муносабатларга эга.
“Уларни келишувларга расман қўшиш рамзий ҳаракат бўлиб, асосан савдо ва ҳарбий ҳамкорлик каби соҳаларда алоқаларни кучайтиришга қаратилган бўлади”, дейди нашр манбалари.
Қайд этилишича, бундай кенгайтириш Трампнинг Ғазода уруш давом этаётган бир пайтда Саудия Арабистонини Исроил билан ярашишга кўндириш режаларидан анча кичикроқ мақсадларга ҳам очиқлигини намоён этади. Маълумки, Саудия Арабистони бир неча бор Исроилни фаластинликлар давлатини тан олиш йўлида жиддий қадамлар ташламай туриб тан олмаслигини айтган. Ғазодаги юқори ўлим даражаси ва гуманитар ёрдамнинг ёпиб қўйилиши оқибатида юзага келган очлик араб жамоатчилигида ғазабни кучайтириб, Иброҳим келишувларига янги мусулмон давлатларни жалб қилишни мураккаблаштирмоқда.
Ғазода маҳаллий соғлиқни сақлаш органларига кўра, 60 000 дан ортиқ одам, шу жумладан кўплаб аёл ва болалар ҳалок бўлган. Канада, Франция ва Буюк Британия сўнгги кунларда мустақил Фаластинни тан олиш режаларини эълон қилди.
Нашрнинг ёзишича, келишувлар йўлидаги яна бир муҳим тўсиқ – Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги можародир. Учинчи манбаларга кўра, Трамп маъмурияти бу икки Кавказ давлати ўртасида тинчлик келишувига эришилишини Иброҳим келишувларига қўшилиш учун шарт сифатида кўрмоқда.
Манбаларнинг айтишича, Озарбайжон бўйича олиб борилаётган музокаралар Трамп маъмурияти эълон қилган бошқа номзодларга нисбатан анча жиддий ва ташкил этилган ҳолда кечмоқда. Иккита манбага кўра, келишув бир неча ой, балки ҳафталар ичида эришилиши мумкин.
Трампнинг тинчлик бўйича махсус вакили Стив Уиткофф март ойида Озарбайжон пойтахти Бакуга сафар қилиб, Президент Илҳом Алиев билан учрашган.
“Унинг ёрдамчиси Арие Лайтстоун баҳорда яна Алиев билан учрашган, унда Иброҳим келишувлари ҳам муҳокама қилинган”, дейди нашрнинг уч манбаси.
Билдирилишича, музокаралар доирасида Озарбайжон расмийлари Қозоғистон каби яқин Марказий Осиё давлатлари амалдорлари билан ҳам алоқага чиққан ва уларнинг қизиқишини ўрганган. Лекин қайси давлатлар билан бевосита гаплашилгани маълум эмас. Марказий Осиёда Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистон мавжуд.
АҚШ Давлат департаменти, сўралганида, аниқ давлатларни тилга олмасдан, келишувларни кенгайтириш Трампнинг асосий мақсадларидан бири эканини билдирган.
“Бизнинг мақсадимиз – яна кўпроқ давлатларни қўшиш”, деди АҚШ расмийси.
Маълумки, дастлаб БАА, Баҳрайн, Марокаш ва Судан билан имзоланган Иброҳим келишувлари дипломатик алоқаларни тиклашга қаратилган эди. Кейинги босқич эса АҚШ ва Исроилнинг “юмшоқ куч”ини кенгайтириш учун мўлжалланган кенгроқ механизмга айланаётганга ўхшайди.
Нашрнинг ёзишича, Озарбайжон Россия ва Эрон ўртасида жойлашган бўлиб, Марказий Осиё билан Ғарб ўртасидаги савдо йўлларида муҳим боғловчи бўлиб хизмат қилади. Кавказ ва Марказий Осиё нефть ва газ каби табиий бойликларга бой, бу эса турли давлатларни ушбу минтақада таъсир учун курашга ундайди. Исроил билан алоқалари бўлган давлатларни келишувга жалб қилиш рамзий ютуқ сифатида хизмат қилиши мумкин – айниқса, кичик ғалабаларни катта қилиб кўрсатиш билан машҳур Трамп учун.
Иккита манбага кўра, Марказий Осиё билан олиб борилаётган музокаралар ҳали дастлабки босқичда, аммо Озарбайжон билан муҳокамалар анча илгарилаб кетган. Шу билан бирга, келишувга эришилиши кафолатланмаган. Хусусан, Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги музокаралар секин кечаётгани бу жараённи сустлаштириши мумкин.
Икки давлат – СССРдан 1991 йилда мустақиллик олган Арманистон ва Озарбайжон – 1980 йиллар охирида бошланган Қорабоғ можароси туфайли қаршиликда бўлиб келади. 2023 йилда Озарбайжон Қорабоғни тўлиқ назоратига олди, бу эса 100 000 га яқин этник арманларни Арманистонга қочишга мажбур қилди. Ҳар икки томон можарони расман якунлаш учун тинчлик шартномаси имзолашни хоҳлашини билдирган.
Асосан христиан аҳолисига эга Арманистон АҚШ билан яқин алоқаларга эга ва Трамп маъмурияти Еревандаги ҳукуматни хафа қилувчи ҳаракатлардан эҳтиёт бўлмоқда. Шу билан бирга, Трамп ва Давлат котиби Марко Рубио каби расмийлар Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тинчлик яқин эканини таъкидлашмоқда.
“Арманистон ва Озарбайжон – биз бу ерда мўъжиза яратдик. Тинчлик жуда яқин”, деди Трамп июль ойи бошида журналистларга.
“Reuters”нинг ёзишича, Озарбайжон ҳукумати бу масала юзасидан изоҳ бермади. Оқ уй, Исроил ТИВ ва Қозоғистоннинг Вашингтондаги элчихонаси ҳам изоҳ бермаган. Янги келишувлар аввалги Иброҳим келишувларига тегишли таркибий ўзгаришлар киритмайди.
QALAMPIR.UZ эса ушбу масала бўйича Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги билан боғланди. Вазирлик матбуот котиби Аҳрор Бурҳоновнинг маълум қилишича, бу масала бўйича ТИВга мурожаат келиб тушмаган.
Live
БарчасиХовос туманида ҳоким алмашди
09 Декабрь