Россиянинг Запорожьега ҳужумида клиника зарарланди
Олам
−
10:07
1401Кеча, 10 декабрь куни Россия Федерациясининг Украинага уюштирган ракета ҳужуми оқибатида Запорожье вилоятидаги офис биноси ва тиббий марказ зарарланди. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Вилоят администрацияси раҳбарининг сўзларига кўра, зарба оқибатида хусусий клиника зарарланган, тўрт киши ҳалок бўлган. Ҳалок бўлганлардан ташқари 21 киши жароҳатланган, жумладан, улар орасида икки шифокор ҳам бор.
“Қутқарувчилар ҳали ҳам вайроналар остидан одамларни излашмоқда”, дейилади хабарда.
Зеленский ҳаво ҳужумига қарши ҳимоянинг кучайтирилиши кераклигини таъкидлади.
“Ҳар бир ҳужум бизга ҳаво мудофаасини ошириш зарурлигини исботлайди” дейди у.
У шунингдек, АҚШ Patriot зенит ракеталарининг ва бошқа самарали тизимларнинг Украинага етказиб берилиши учун халқаро шерикларга барча сўровларни юборганини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг кузида Россия армияси ёз ойларига қараганда Украинага учувчисиз самолётлар ва ракеталарни сезиларли даражада кўпроқ отгани хабар берилганди. WSJ таҳлилчилари Украина ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан эълон қилинган кундалик ҳисоботларни ўрганиб чиқиб, 2024 йилнинг сентябридан ноябрига қадар Россия қўшни давлат ҳудудига 6 мингдан ортиқ ракета ва учувчисиз учоқларни отганини аниқлаган. Бу 2024 йилнинг июнь-август ойларига нисбатан уч баробар, 2023 йилнинг кузига нисбатан тўрт баробар кўпдир.
LiveБарчаси