Россиянинг Украинага берган зарбалари оқибатида 23 киши ҳалок бўлди (видео)

Олам

image

Кеча, 2 июнь куни тунда Россиянинг Киев ва Днепр шаҳарларига амалга оширган ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 23 нафарга етди. Бу ҳақда маҳаллий ҳокимиятлар маълум қилди.

Киев мэри Виталий Кличко ижтимоий тармоқларда яна бир жароҳат олган шахс шифохонада вафот этганини маълум қилган. Шу тариқа Украина пойтахтида ҳалок бўлганлар сони 7 нафарга етган. Сўнгги маълумотларга кўра, 90 киши жароҳат олган.

Днепр вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Ганжа Днепр шаҳрида қутқарув ишлари якунланганини, Россия ракеталари урилган турар жойлар вайроналари остидан 16 кишининг жасади топилганини билдирган. Унинг айтишича, 42 киши жароҳат олган, улар орасида 4 нафар бола ҳам бор.

“Уларнинг уч нафари шифохонада, шунингдек 21 нафар катталар ҳам даволанмоқда”, дея ёзган у.

2 июнь тунда Россия ҳарбийлари Киев, Харьков ва Днепр шаҳарларига оммавий ҳужум уюштирган. Украина ҳаво кучлари Каспий денгизи ҳудудидан “Калибр” ракеталари учирилганини қайд этган.

Украина Қуролли кучлари маълумотига кўра, ҳужумларда жами 73 та ракета ва 656 та турли турдаги дрон ишлатилган. Улар орасида 5 та “Калибр”, 33 та “Искандер-М” баллистик ракета, 27 та Х-101 қанотли ракета ва 8 та 3М22 “Зиркон” ракета борлиги билдирилган.

Украина томони 33 та ракета ва 33 та дрон нишонга текканини, 40 та ракета ва 602 та дрон эса уриб туширилганини ёки йўқ қилинганини маълум қилган.

Россия Мудофаа вазирлиги эса ҳужумлар “Украина Қуролли кучлари манфаатида ишлатилаётган мудофаа саноати корхоналари, ёқилғи ва транспорт инфратузилмаси ҳамда ҳарбий аэродромларга” қаратилганини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Ростов вилоятидаги Таганрог порти Украина билан боғлиқ можаролар сабабли навбатдаги дрон ҳужумига учрагани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Виталий Кличко Днепр

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг