Россияни зир титратган намойишлар бўйича терговчилар ишга киришди
Олам
−
27 Январь 2021
8810Россияда 23 январь куни бўлиб ўтган рухсатсиз намойишлардан кейин терговчилар 21 та жиноий иш очди ва 6 та терговга қадар текширув ўтказмоқда. Бу ҳақда Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг расмий вакили Светлана Петренко маълум қилди.
“23 январь куни мамлакатнинг турли минтақаларида бўлиб ўтган рухсатсиз намойишлар юзасидан Россия Тергов қўмитасининг тергов органлари томонидан 21 та жиноят иши қўзғатилди. Шунингдек, қонунга зид намойишлар содир этилганга қадар аниқланган ноқонуний ҳаракатлар бўйича 6 та терговгача текширув олиб борилмоқда”, дейди Петренко.
Тергов қўмитаси расмий вакилининг сўзларига кўра, тартибсизликларда иштирок этганлар, видеоёзувлар ва бошқа материаллар ўрганилмоқда. Ҳар бир аниқланган ҳолатга Россия Федерацияси қонунчилигига мувофиқ ҳуқуқий баҳо берилади.
Жиноий жавобгарликка тортилганлар орасида 16 киши бўлиб, уларнинг аксарияти процессуал тартибда ҳибсга олинган. Баъзиларига, аллақачон, айбловлар қўйилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига қилинган ҳужумлар
Маълум қилинишича, Москва, Санкт-Петербург, Приморск ўлкаси, Липецк ва Калуга ҳамда Владимир вилоятларида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ҳужум қилиш, безорилик ва ўзганинг мулкига зарар етказиш ҳолатлари бўйича Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 318, 213, 167-моддалари билан учта жиноий иш қўзғатилган.
Таъкидланишича, Москванинг Сретенск бульварида Россия гвардияси ходими калтакланган, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг кўзига эса ёш оқизувчи газ сепилган.
Ундан ташқари, Москванинг Цветной бульварида намойишлар вақтида Федерал хавфсизлик хизматига тегишли бўлган автомашина безорилар томонидан пачоқланган.
Шунингдек, Санкт-Петербургдаги рухсатсиз митинг пайтида бир намойишчи йўл ҳаракати полицияси ходимининг сўзларига жавобан унинг юзига мушт билан қаттиқ уриб,йиқитган. Ҳодиса жойидан қочиб кетаётганда, ушбу безори бошқа полициячини ҳам урган. Худди шундай ҳолат Калуга шаҳрида ҳам қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 январь куни Россия мухолифати етакчиси, Коррупцияга қарши кураш фонди асосчиси Алексей Навальний Россияга қайтди. У ўтирган самолёт ўз манзилини ўзгартириб, Москванинг Внукова аэропортига эмас, балки Шереметьево тайёрагоҳига қўнди. Навальний самолёт бортининг ўзидаёқ қўлга олинди. Россиянинг Химки шаҳар суди Жазоларни ижро этиш федерал хизмати даъвосига кўра, мухолифатси Алексей Навальнийни 30 суткага 15 февралгача қамоққа олиш ҳақида қарор чиқарди.
Орадан кўп ўтмай, Навальнийнинг тарафдорлари томонидан унинг YouTube’даги каналида “Путин учун сарой” фильми таыдим этилди ва фильм бошига 23 январь куни бўлиб ўтадиган намойишларга чақириқ жойлаштирилди.
LiveБарчаси