Украина дронлари Россиядаги икки заводга ҳужум қилди (видео)
World
−
12:52 852 3 minutes
Украина дронлари Россиянинг Брянск вилоятидаги ҳарбийлар учун консерва ишлаб чиқарадиган завод ва Самара вилоятидаги нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилди. Ҳар икки корхона ҳудудида ёнғин чиққан. Бу ҳақда “The Moscow Times” хабар берди.
Маълум қилинишича, бугун, 30 октябрга ўтар кечаси Брянск вилоятининг Стародуб шаҳрига дронлар ҳужум қилган. Маҳаллий аҳоли тарқатган фото ва видеоларни таҳлил қилган “Astra“ нашрига кўра, зарба “Консервсушпрод” корхонасига берилган. Ҳужумдан кейин завод ҳудудида кучли ёнғин бошланган.
Компания сайтида келтирилишича, корхона Россия хавфсизлик кучлари ва Қуролли кучлари учун консерва ҳамда индивидуал озиқ-овқат рационларини ишлаб чиқаради. Шунингдек, у “Россия армияси” брендига эгалик қилади. Заводга аввал ҳам, 2023 ва 2025 йилларда дронлар билан ҳужум қилинган.
Шу куни эрталаб Самара вилояти губернатори Вячеслав Федоришев ҳудудга Украина дронлари ҳужум қилганини маълум қилган. Унинг айтишича, вилоятда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва мобил ўт очиш гуруҳлари ишлаган.
Новокуйбишевск аҳолиси портлашлар овозини эшитган. Украина мониторинг канали маълумотига кўра, дронлар шаҳардаги нефтни қайта ишлаш заводини нишонга олган. “Astra” нашри ўқувчилари юборган суратларда ҳам корхона ҳудудида кучли ёнғин чиққанлиги акс этган.
“Роснефть” компаниясига тегишли завод йилига 8,3 миллион тонна нефтни қайта ишлаш қувватига эга. Корхона 20 дан ортиқ турдаги маҳсулот ишлаб чиқаради. Унга аввал ҳам бир неча бор дронлар билан ҳужум қилинган. Охирги ҳужум жорий йилнинг 22 август куни содир бўлган.
Тунги ҳужумлар ортидан Москва ва Москва вилоятидаги аэропортлар фаолиятига ҳам чекловлар киритилган. Россия Федерал ҳаво транспорти агентлиги Домодедово, Внуково, Жуковский ва Шереметьево аэропортларида самолётларни қабул қилиш ва жўнатиш вақтинча тўхтатилганини маълум қилган. Ярославль аэропорти ҳам ёпилган.
Москва мэри Сергей Собянин кеча, 29 октябрь кечқурунидан 30 октябрь соат 07:00 гача Москва минтақаси томон 862 та дрон учиб келганини ёзган. Унинг таъкидлашича, дронларнинг аксарияти узоқ масофада йўқ қилинган, яна 170 таси Москва яқинида зарарсизлантирилган.
Россия Мудофаа вазирлиги эса ўтган тун давомида мамлакатнинг 19 та ҳудудида 1 043 та Украина дрони тутиб олиниб, йўқ қилинганини билдирган. Дронлар Белгород, Брянск, Воронеж, Волгоград, Самара, Тула ва Москва вилоятлари, шунингдек, Татарстан устидан уриб туширилган.
Нашрнинг ёзишича, бу йил бошидан бери Россияга уюштирилган энг йирик дрон ҳужумларидан бири бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия пойтахти Москва ва Москва вилоятига Украина дронлари ҳужум қилганди. Ҳужумлар ортидан айрим аэропортларда самолётларнинг учиши ва қўнишига чекловлар жорий этилганди.
Live
All