Россияни деярли 1 млн мигрант тарк этди

Олам

image

Россияда иш ҳақлари ошганига қарамай, меҳнат мигрантлари ўз ватанларига қайтишни афзал кўрмоқда. Жорий йил давомида мамлакатдан тахминан бир миллион чет эллик чиқиб кетган. Бу ҳақда “Мигрант-Сервис” платформаси директори, кадрлар ёллаш бўйича эксперт Андрей Кладовга таяниб, “Ura.ru” хабар берди.

“Хорижий ишчиларнинг чиқиб кетиши яққол сезилмоқда. Январдан сентябргача мамлакатни тахминан бир миллион киши тарк этди”, деди Кладов.

Унга кўра, иш ҳақлари ошганига қарамай, мигрантлар Россияга қайтишга шошилмаяпти. 2024 йил бошида ишлаб чиқариш соҳасида ишлайдиган чет эллик ишчилар ўртача 105 минг рубль маош олган. Ёзга келиб, уларнинг ойликлари 150 минг рублгача ошган. Айниқса, қурувчилар ва курьерларнинг иш ҳақлари сезиларли даражада кўтарилган, бироқ бу ҳам ишчи кучининг чиқиб кетишига тўсқинлик қила олмаган. Мамлакатни тарк этганлар эса асосан Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари.

“Ҳозирда ҳар бир мигрантга 10 та иш ўрни тўғри келмоқда. Чет элликлар учун одатий бўлган кўплаб иш соҳаларига тақиқ қўйилди. Бу мамлакатга келаётган ишчиларда иш топиш имкониятлари борасида жиддий хавотир уйғотди”, деди Кладов.

Шунингдек, у чет эллик ишчиларнинг чиқиб кетишини янги ҳудудий чекловларнинг киритилиши билан боғлаган. Яшаш шароитлари ҳам мигрантларнинг чиқиб кетишига сабаб бўлган. “Мигрант-Сервис” маълумотларига кўра, агар хорижий ишчиларга иш билан бирга яшаш жойи, озиқ-овқат ва Россияга мослашишда ёрдам тақдим этилса, улар иш таклифларини мамнуният билан қабул қилади. 

Кладовнинг фикрига кўра, агар миграция оқими камайишда давом этса, Россия ишчи кучи танқислигига дуч келади. Хусусан, қурилиш соҳасидаги меҳнат шароитлари кўплаб россияликлар талабига жавоб бермайди ва маош ҳам асосий эҳтиёжларни қоплаш учун етарли эмас. Шу сабабли улар бу ишларда ишлашни хоҳламаяпти.  

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Нелегал-2024” операцияси доирасида Россиядан 20 минг чет эллик ҳайдаб чиқарилгани хабар қилинган эди. Операция давомида полиция ва давлат хавфсизлик идоралари ноқонуний миграцияни ташкил этиш билан боғлиқ тўрт мингдан ортиқ жиноий ишларни қўзғатган. Яна 684 та иш давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш, қурол-яроғ, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия мигрант

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг