Ўзбекистон ЕОИИда мустақиллигини йўқотадими? Сўз россиялик дипломатга

Жамият

image

Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Владимир Тюрденев республиканинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига кузатувчи мақомида қўшилганига муносабат билдирди.

Россиялик дипломатнинг сўзларига кўра, иттифоқнинг тўлақонлик аъзолари эга бўлган имкониятлар берилмаса-да, эндиликда расмий Тошкент ЕОИИнинг ишлаш механизмини ичкаридан ўрганиши мумкин, бунда мамлакат иқтисодиёти учун ҳеч қандай мажбурият ва хавф бўлмайди.

“Ҳа, республика овоз бериш ҳуқуқига ва савдо имтиёзларига эга эмас. Аммо, айни пайтда, унинг иқтисодиёти учун ҳеч қандай хатар ҳам йўқ. Бу яқиндан кўриб чиқиш ва ўз танлов қилиш учун имконият. Агар вазиятни баҳоласак, унда Ўзбекистоннинг асосий савдо айланмаси айнан ЕОИИ мамлакатларига йўналтирилган, энг муҳим транспорт йўлаклари иттифоқ ҳудудидан ўтишини, миграция йўналиши муҳим аҳамиятга эга эканини кўриш мумкин. Бироқ нима бўлганда ҳам бу жараён тез юз бермайди, бу фақат биринчи қадам”, деган Тюрденев Тошкентдаги матбуот анжуманида.

У, шунингдек, скептикларнинг Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан интеграция бўлиши мамлакаат мустақиллигининг қўлдан кетишига олиб келиши ҳақидаги фикрлари реал кўрсаткичлар билан солиштирса кулгили эканини таъкидлади.

“Иттифоққа қўшилган давлатларнинг бирортаси ҳам ўз мустақиллигини йўқотмади, аксинча, кўпроқ имкониятларга эга бўлди. Бундан ташқари, бу маълум бир иштирокчининг миқёсига қарамайдиган, ҳамма учун бир хил бўлган тенг ҳуқуқли иттифоқ”, деган дипломат.

У на Россия, на ЕОИИнинг бошқа аъзолари янги аъзоларнинг интеграцияси иқтисодиёт ва ишлаб чиқариш соҳасига зарарли таъсир кўрсатишидан манфаатдор эмаслигини маълум қилди. Бундай минтақавий лойиҳаларга қўшилиш – бу иттифоқ аъзоларининг ўзаро муросалари жамланмасидир. 

“Яна айтаман, ЕОИИ фақатгина Россия эмас, балки ўз иқтисодий шароитларига эга бўлган бир нечта давлатлардан иборат. Масалан, Қирғизистонни ЕОИИга аъзо бўлган вақтидаги иқтисодиёти бўйича Ўзбекистон билан таққослаш қийин. Бу шуни англатадики, ушбу босқичда ҳамма бундай интеграциядан нимани олишини аниқ тушуниши керак, шунда бу томонларнинг ҳар бири учун фойдали бўлади”, дея сўзини якунлаган Тюрденев.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 11 декабрь куни ўтган ЕОИИ Олий кенгашининг якунига кўра, Ўзбекистон расман ташкилотда кузатувчи мақомини олди. Бу ўтиш даври бўлиб, мамлакатга кейинги позициясини аниқлашга ёрдам беради.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-ЕОИИ

Баҳолаганлар

203

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг