Россиялик депутат Марказий Осиё давлатларига виза режимини жорий этишни талаб қилди
Олам
−
24 июл 4892 2 дақиқа
Россия Давлат думасининг “Справедливая Россия” фракцияси депутати Сергей Миронов яна бир бор Марказий Осиё мамлакатлари билан виза режимини жорий этиш мавзусини кўтариб чиқди. Бу ҳақда жорий йилнинг 22 июль куни Миронов чиқиш қилган брифинг видеоси эълон қилинди.
Брифинг давомида у Россия Марказий Осиё мамлакатлари билан виза режимини жорий этиши кераклигини билдирган.
“Умуман олганда, биз Марказий Осиё мамлакатлари билан виза режимини жорий қилиш мумкин, деб ҳисоблаймиз. Лекин лоақал Беларусь принципи бўйича қилайлик. У ерда шундай тартиб ўрнатилган: қайсидир бизнесменга хорижлик ишчи кучи керак бўлса, биринчи навбатда, ушбу ишни беларуслик қила олмаслигини исботлаши талаб этилади. Исботладими, жуда яхши.
Шундан сўнг эркаклар учиб келишади ва очиқ майдонда вақтинчалик тураржой қурилади. Биздагидек аҳоли яшайдиган пунктларда эмас. Улар муайян ишни бажаришади, пулини олишади ва кетишади. Ҳеч қанақа оилаларсиз”, дейди у.
Миронов ўз чиқиши давомида ўзи олган маълумотларни келтириб ўтган. Унга кўра, гўёки Россияга кириб бораётган мигрантларнинг бор-йўғи 28 фоизи ишлашни режалаштирган, қолганлари эса бошқа мақсадларда борган.
Шунингдек, у агар мигрант жиноят содир этса, унинг қариндошларини ҳам ватанига депортация қилишни таклиф этган. Бундан ташқари, у Россияда мигрантларнинг иқтисодиётнинг муайян соҳаларида ишлашини тақиқлаш керак деб ҳисоблайди.
“Россия Федерацияси субъектларининг ярмидан кўпи шундай қонунларни қабул қилди. Тўғри қилишди. Келинг, федерал даражада ҳам шундай қилайлик. Ўйлайманки, IX чақириқ Давлат думаси ушбу йўналишда иш олиб боради”, дейди у.
Бундан ташқари, депутат баъзи аралаш жанг санъати (ММА) клубларида шуғулланувчиларнинг аксариятини мигрантлар ташкил этаётганидан хавотир билдирган.
“Исталган ҳудуддаги исталган ММА спорт клубига кириб кўринг! У ерда бизникилар йўқ, ҳаммаси мигрантлар! Улар нимага тайёргарлик кўришмоқда? Нима учун? Бу жуда хавотирга соляпти!” дейди Миронов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Миронов урушга бормайдиган ўзбекистонлик мигрантларга виза режимини жорий қилиш кераклигини айтган эди. Унинг бу бёнотига ўзбекистонлик фаоллар кескин муносабат билдирганди. Хусусан, “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров ҳам фикр билдириб, Россияни Мироновнинг ўзи ва яқинлари ҳимоя қилиши лозимлигини айтганди. Шу билан бирга, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов эса россиялик депутатнинг гапларига жавобан “бундай тажовузкор риторика фақат икки томонлама муносабатларга салбий таъсир кўрсатишини” айтди.
Live
Барчаси