Урушга бормайдиган ўзбекистонлик мигрантларга виза режимини жорий қилиш керак – россиялик депутат
Олам
−
20 Октябрь
18598Россиядаги “Справедливая Россия – за правду” (СРЗП) партияси раиси Сергей Миронов Ўзбекистоннинг ўз фуқароларини Россияда урушга ёлланмаслиги ҳақидаги огоҳлантиришига қарши чиқди. Бу ҳақда у ўзининг Х саҳифасида ёзиб қолдирди.
“Ўзбекистоннинг Қозондаги Бош консуллиги ўзбекистонликларни Россия армияси сафларига қўшилмасликка чорлади. Нега бошқа имкониятлардан фойдаланмасликка чорламади? Шунда бошқа имтиёзлардан фойдаланмаслик керакми? Сизни боқаётган мамлакатни ҳимоя қила олмайсизми? Тушунарли, демак, виза режимини жорий қилишимиз керак. Виза режими билан ҳаммаси ҳал бўлади! Бундай “фуқаролар” (мигрантлар) бизга керак эмас”, дея ёзган Миронов.
Сергей Миронов 2023 йилда ҳам Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонни Украинадаги урушда қатнашган ўз фуқароларини жиноий жавобгарликка тортишни назарда тутувчи қонунчилиги сабаб танқид қилганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Қозон шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Бош консулхонаси фуқароларни яна бир бор хорижий давлатлар ҳудудида жиноий жавобгарлик белгиланган ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишдан огоҳлантирганди. Бош консулхона баёнотида Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисидаги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлган шахс хорижий давлатнинг фуқаролигига тегишли деб эътироф этилмаслиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони эълон қилинган кундан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги бекор қилиниши қайд этилган.
Шу муносабат билан, консуллик Жиноят кодексининг 154-моддасига (Ёлланиш) кўра, хорижий давлат ҳудудидаги қуролли тўқнашувларда ёки ҳарбий ҳаракатларда қонунга хилоф равишда қатнашиш жиноят ҳисобланиши, ушбу ҳаракатларни содир этганлик учун жавобгарлик 10 йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутишини эслатиб ўтганди.
LiveБарчаси