Россияга қўлланган санкциялар таъсир қилмади – Европарламент депутати
Олам
−
05 Январь 2023
9150Бельгия собиқ бош вазири, Европарламент депутати Ги Верхофстадт Европа Иттифоқи томонидан Россияга қўйилган санкциялар натижасини муваффақиятсиз, деб атади. Бу ҳақда у ўзининг Twitter саҳифасида маълум қилди.
Верхофстадт 2022 йилнинг февраль ва август ойларида Россия ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасидаги савдо айланма ҳажми билан 2021 йилнинг худди шу даври ўртасидаги тафовут акс этган рўйхатни илова қилган ва санкциялар Россия ғазнаси учун фойда келтирганини қайд этган.
Иловада келтирилган, Европа Иттифоқининг расмий статистика хизмати – “Евростат”, маълумотларига кўра, 2022 йилнинг февраль–август ойларидаги савдо ҳажми 2021 йилнинг мос даврига нисбатан Словенияда 346, Люксембургда 262, Грецияда 142, Австрияда 139, Кипрда 138, Венгрияда 132, Болгарияда 116 фоизга ўсган.
Шунга қарамай, Россия билан савдо ҳажмини камайтирган мамлакатлар ҳам йўқ эмас. Жумладан, Швецияда 60, Данияда 44, Литвада 25, Ирландияда 20, Эстонияда 14, Латвияда 8 ва Финляндияда 7 фоизга савдо ҳажми қисқарган.
Россия ОАВда қайд этилишича, Россия-Украина бошланганидан сўнг, Ғарб давлатлари Москвага нисбатан санкциялар босимини кучайтирган, аммо бу Ғарбнинг ўзида ёнилғи нархининг ошиши ва рекорд даражадаги инфляцияни келтириб чиқарган.
Шунингдек, Россия Президенти Владимир Путин Россияни заифлаштириш учун жорий этилган санкциялар бутун жаҳон иқтисодиётига жиддий зарба берганини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак Украинадаги можаро туфайли Британиядаги иқтисодий қийинчиликлар 2023 йилда ҳам давом этишини айтган эди. Россияда ўтказилган тадқиқотларда эса 68% россияликлар санкциялардан азият чекканини тан олган.
LiveБарчаси