“Россияга ҳужум даҳшатли оқибатларга олиб келади”. Путин дунёга таҳдид қилди
Олам
−
24 Февраль 2022
59297Россия ҳозир содир бўлаётган воқеаларга аралашишга бўлган уринишларга кечиктирмасдан жавоб беради ва бу жиддий оқибатларга олиб келади. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин бугун, 24 февраль куни россияликларга мурожаат вақтида айтиб ўтди.
Россия раҳбари эркинлик Россия сиёсатининг марказида эканлигини таъкидлаган. Унга кўра, бу ҳуқуқдан ҳамма, жумладан, Украина аҳолиси ҳам фойдаланиши керак.
Путиннинг таъкидлашича, Украина ҳудудига бостириб кирган Россиянинг ҳаракатлари мамлакат манфаатларини бузиш билан боғлиқ эмас.
“Ҳарбий соҳага келсак, замонавий Россия СССР парчаланиб, ядро салоҳиятининг катта қисмини йўқотганидан кейин ҳам бугунги кунда энг қудратли ядровий давлатлардан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, у қуролларнинг энг сўнгги турлари бўйича бир қатор афзалликларга эга. Шу муносабат билан, Россияга тўғридан-тўғри ҳужум потенциал тажовузкор учун мағлубият ва даҳшатли оқибатларга олиб келишига ҳеч ким шубҳа қилмаслиги керак. Кимлардадир содир бўлаётган воқеаларга аралашиш истаги пайдо бўлиши мумкин. Россиянинг жавоблари тезкор бўлади ва сизни тарихингизда ҳеч қачон дуч келмаган оқибатларга олиб келади. Биз воқеаларнинг ҳар қандай ривожига тайёрмиз. Шу муносабат билан барча зарур қарорлар қабул қилинди”, дея қўшимча қилган у.
Аввалроқ, Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари махсус ҳарбий операция бошлаганини эълон қилганди. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Украина ИИВ маслаҳатчиси эса Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирилганини маълум қилди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ Президенти Жо Байден айрим шахсларнинг мулкини блоклаш ва айрим операцияларни тақиқловчи фармон қабул қилди. Ҳужжат ДХР ва ЛХРга сармоя киритишни, шунингдек, ушбу минтақалардан ҳар қандай товарлар, хизматлар ёки технологияларни Қўшма Штатларга импорт қилишни тақиқлайди.
Бундан ташқари, ушбу фармон ўзини мустақил деб эълон қилган республикаларда ҳаракат қилишга қарор қилган ҳар қандай шахсга нисбатан жазо чораларини қўллаш имконини беради.
Қўшма Штатларда жойлашган ёки кейинчалик АҚШга кирадиган, ДХР ва ЛХР билан боғлиқ шахсларга тегишли бўлган барча мулк ва мулкдаги улушлар блокланади.
Шунингдек, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
LiveБарчаси