Россияда Европа Кенгашининг низом ва шартномалари қўлланилиши тўхтатилди
Олам
−
01 Март 2023
5287Россия Президенти Владимир Путин Европа Кенгашининг Низоми, шунингдек, ушбу ташкилотнинг 20 та халқаро шартномасининг Россия Федерациясига нисбатан қўлланилишини тўхтатиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Қайд этилишича, қонун доирасида 21 та ҳужжат денонсация қилинган. Улар орасида терроризмга қарши кураш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Европа конвенциялари, маҳаллий ўзини ўзи бошқаришнинг Европа Хартияси, Европа ижтимоий Хартияси ва бошқалар ҳам бор.
Федерация Кенгаши спикери ўринбосари Константин Косачевнинг айтишича, Россия 2022 йил 16 мартда Европа Кенгаши таркибидан чиқишга қарор қилгандан буён Европа Кенгаши аъзолари учун очиқ деб аталадиган конвенциялардан воз кечиб келмоқда. Янги қонунда ҳам Россиянинг ҳуқуқий соҳасидаги айнан шу билан боғлиқ зиддиятларини бартараф қилиш кўзланган.
Манбага кўра, ҳужжат кучга киргандан сўнг, баъзи федерал конституциявий қонунларга ўзгартиришлар киритиш талаб этилади. Хусусан, 2001 йил 30 майдаги “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги қонуннинг 37 моддаси яъни фавқулодда ҳолат жорий этилганлиги ва унинг амал қилиш муддати тугагани ҳақида БМТ ва Европа Кенгашини хабардор қилиш, шунингдек, 2002 йил 30 январдаги “Ҳарбий ҳолат тўғрисида”ги қонуннинг 22-моддаси яъни ҳарбий ҳолат жорий этилиши ва унинг бекор қилиниши тўғрисида БМТ ва Европа Кенгашини хабардор қилишни назарда тутувчи қонунлар ўзгартирилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Путин Стратегик қуролларни қисқартириш бўйича шартнома (START) даги иштирокини тўхтатувчи қонунни имзолаганди. Қонунга кўра, START фаолияти тўхтатилган ва Россиянинг шартномадаги иштирокини қайта тиклаш тўғрисидаги қарор давлат раҳбари томонидан қабул қилиниши мумкин экани айтилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь