Россияда янги “Навальний” ва Путиннинг яна бир қасри пайдо бўлди
Олам
−
10 Февраль 2021
23292Россия Президенти Владимир Путинга тегишли экани айтилаётган яна бир ҳашаматли қаср пайдо бўлди. Ушбу турар-жой Қримда жойлашган бўлиб, у собиқ СССР раҳбари Брежневга тегишли бўлган. Бу ҳақда “Проект” нашрининг суриштирув ишида сўз боради.
Нашрга кўра, Қримда жойлашган ушбу “Глициния” қасри Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинга яқин бўлган доира томонидан сотиб олинган, Путиннинг ўзи эса ушбу қасрга кўпдан бери кўз тикиб юрган.
“Проект”га кўра, ушбу қаср 2019 йил август ойида “Ореанда-12” акциядорлик жамияти томонидан 1,2 миллиард рублга ким ошди савдосида сотиб олинган. Жамиятнинг бош директори эса москвалик Янис Эрманис эди. Харид тўғрисидаги ҳужжатларга кўра, қаср миллиардер Эрманис томонидан тақдим этилган қарз маблағлари ҳисобига сотиб олган.
“Миллиардер Эрманис раҳбарлигидаги “Ореанда-12” АЖ “Россия” банки билин боғлиқ бўлиб чиқди. Ушбу банк раиси Юрий Ковальчук эса Президент Владимир Путиннинг дўсти”, деб ёзади “Проект”.
“Проект” нашри Эрманис исмли ушбу миллиардерни “Москва шарқидаги ҳароба районлардан” бирида топишга муваффақ бўлган. Маълум бўлишича, Эрманис иқтисодчи ва ҳозирда жанг санъати бўйича дарс беради. Эрманис ҳамкасбларининг айтишича, у камтарона турмуш тарзини олиб боради ва кўп пулга эга эмас.
“Проект”нинг журналистлари билан суҳбатда Эрманис қаср унга тегишли эканини рад этмаган, аммо сотиб олиш тўғрисида изоҳ беришдан бош тортган.
Нашрнинг маълум қилишича, 2004 йил ноябрь ойида ҳам Россия ушбу қасрни хусусийлаштиришга уриниб кўрган: ВТБ давлат банки тахминан ўша пайт курси бўйича 15 миллион рублга сотиб олиш тўғрисида битим тузган.
Аммо 2005 йил баҳорида Украинанинг ўша даврда янги сайланган Президенти Виктор Юшенко битимни бузишни талаб қилган. Суд жараёнларидан сўнг, Украина Иқтисодий суди дачани бегоналаштиришни ноқонуний деб топган ва уни захира ерлар базасига олган.
Дачанинг Путин учун мўлжаллангани тўғрисида Леонид Кучма ўзининг “Майдондан кейин. Президентнинг қайдномаси” китобида ёзиб қолдирган.
“Аслида, бу ҳеч кимга сир эмас эди. Аввал бошидан дача Россия Президентининг Қримдаги расмий қароргоҳи сифатида сотиб олинаётгани айтилганди. Сўнгра, Россия Федерацияси Президентининг давлат маъмурияти билан шартнома тузилди. Кейинчалик Россиянинг ВТБ банки харидор бўлди”, деб ёзади Леонид Кучма.
Украина Олий Рада депутати, Хафсизлик хизматининг собиқ раҳбари Геннадий Москалга кўра, айнан ўша “Глициния” дачаси туфайли Москва ва Киев ўртасида биринчи “газ можароси” бошланган.
“Путин бизникилардан “Глициния” қароргоҳини сўради, аммо бизнинг юқори раҳбарият ундан бош тортди. Владимир Владимирович аниқ, ҳанузгача хафагарчиликни сақламоқда. Айтишларича, бахил одам икки марта бадал тўлайди, аммо Украина бу мутлақо аҳмоқона қадам учун миллион марта бадал тўлади”, деган эди Москаль 2009 йилда.
“Проект”нинг тепасида ким турибди?
Путиннинг яна бир қасри ҳақидаги суриштирув юқорида таъкидланганидек, “Проект” томонидан амалга оширилган. “Проект” нашри ўзи ҳақида қуйидагича изоҳ беради:
“Биз терговчи, журналистлар ва мухбирларни бирлаштирган мустақил оммавий ахборот воситасимиз. Бизнинг қўлимиздан келадиган иш – яширин ва муҳим нарсаларни топиб, бу ҳақда оммага батафсил айтиб бериш. Биз буни зарур деб биламиз, чунки Россияда мураккаб ва хавфли мавзулар билан шуғулланадиган оммавий ахборот воситалари деярли йўқ”, дейилади ушбу нашр расмий веб-сайтида.
“Проект”нинг асосчиси эса Роман Баданин ҳисобланади. У тарих факультетини тамомлаб, бир муддат илмий изланишлар билан шуғулланган, сўнгра 2001 йилдан журналистикага қадам қўйган. Фаолияти давомида Россиянинг РБК, “Интерфакс”, “Forbes”, “Коммерсантъ” каби бир қатор олди нашрларида ишлаган, бош муҳаррирлик қилган.
“Проект”ни ким молиялаштиради деган саволга эса, Роман Баданиннинг ўзи жавоб берган. Унга кўра, “Проект” нашри АҚШнинг “National Endowment for Democracy” ва Европанинг “European Endowment for Democracy” ташкилотлари ажратган грантлар ҳисобига кун кечиради. Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, ушбу иккала ташкилот ҳам Россиянинг “хушламайдиган” ташкилотлари рўйхатига киритилган.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 19 январида Алексей Навальнийга тегишли YouTube каналда Россия Президенти Путинга тегишли экани айтилган “Путин учун сарой” номли суриштирув фильми эълон қилинган эди.
Ушбу фильм шу пайтгача 100 миллион мартадан ошиқ кўрилган ва кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган. Кейинчалик, Россиялик миллиардер Аркадий Ротенбергнинг ўзи саройнинг бенефициари эканини айтди.
Маълумот ўрнида, Алексей Навальний – Россия мухолифати етакчиси, сиёсатчи. У, шунингдек, Коррупцияга қарши кураш фонди асосчиси ҳисобланади.
Сиёсатчи Алексей ўтган йилнинг август ойида Россиянинг Томск шаҳрида ҳушидан кетиб, кома ҳолатига тушиб қолади. Кейинчалик, у таъқиқланган “Новичок” кимёвий-қуроли билан заҳарлангани маълум бўлади.
Шундан сўнг, сиёсатчи 4 ой давомида Германияда даволаниб, жорий йилнинг 17 январь куни Ватани – Россияга қайтди ва ўша вақтнинг ўзидаёқ ҳибсга олинди. Сўнгра, Москва шаҳар суди Навальнийни 2,5 йилдан ошиқроқ муддатга озидликдан маҳрум этди.
LiveБарчаси