Россияда яна ўзбекистонлик мигрантлар таҳқирланиб, калтакланди (видео)
3-саҳифа
−
15 Сентябрь 37462 3 дақиқа
Жорий йилнинг 13 сентябрь куни Россиянинг Владивосток шаҳри, Хабаровская кўчасида маҳаллий ёшлар гуруҳ бўлиб ўзбекистонлик экани айтилаётган мигрантларни калтаклади. Бу ҳақда “Vladivostok1” хабар берди.
Гувоҳларнинг айтишича, аввалига ёшлар ичида мигрантлар бўлган машиналарга тош отган, кейин ҳайдовчилар суҳбатлашиш учун тушганида гуруҳ бўлиб ҳужум қилишган. Бунинг оқибатида ўша тунда бир неча киши жабрланган.
Безорилар барча ҳаракатларни видеога ёзиб олган. Видеода муаллифнинг баланд кулгиси ва тажовузкорларни қўллаб-қувватлаши эшитилади. Унда турли исмлар ва “ур”, деган чақириқларни ҳам эшитиш мумкин. Кадрларда ҳайдовчи болалардан бирининг пичоқни ташлашини талаб қилгани ва самокат билан ҳимояланганини кўриш мумкин. Йигитлардан бири дўконга яширинмоқчи бўлган, бироқ гуруҳдагилар унинг ортидан кириб, ўзбеклиги айтилаётган мигрантнинг юзига урган. Кимдир дўконда камера борлиги ҳақида огоҳлантирган. Бунга эса видео муаллифи: “Биламан”, дея жавоб берган ва кулиб тасвирга олишни давом эттирган.
Ҳозирда полиция ҳодиса юзасидан текширув бошлаган. “Vladivostok1” маълумотига кўра, жабрланганлар ҳам, гувоҳлар ҳам ҳеч қандай ариза ёзмаган. Шунингдек, тажовузкор ҳаракатларда иштирок этганларнинг барчаси вояга етмаган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги бош консули Юсуф Қобилжонов муносабат билдирди. Унга кўра, ҳолат аниқланган заҳоти Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонаси ходимлари ташаббуси билан жабрланган фуқаролар билан тезкор алоқа ўрнатилиб, уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган.
Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари томонидан Владивосток шаҳар Ички ишлар бошқармасига расмий ариза топширилган ҳамда Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Владивостокдаги ваколатхонасига ва Приморск ўлкаси прокуратурасига мазкур масала юзасидан барча тегишли чораларни кўриш зарурлиги ҳақида ноталар юборилган.
Мазкур воқеалар Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консулхонаси ва Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан алоҳида назоратга олинган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда интернетда бир россияликнинг бир фуқарони тинимсиз ҳақорат қилаётгани, унда икки марта Ўзбекистон номи тилга олиниб, ҳақоратланаётган ишчининг ўзбекистонликлигига ишора қилингани ва “сен русларнинг қулисан” деб таҳқирлангани муҳокамаларга сабаб бўлганди. Кейинроқ эса мазкур ҳодиса ортидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия Ташқи ишлар вазирлигига нота юборди. Билдирилишича, расмий нотада муҳокамаларга сабаб бўлган видеодаги шахсни аниқлаш ва унга нисбатан қонуний чоралар кўриш сўралган.
Гап Москва вилоятининг Химки шаҳрида жойлашган “Солнечная система” номли тураржой мажмуасида содир бўлган воқеа ҳақида кетмоқда. Маълумотларга кўра, Россияга бориб, такси фаолияти билан шуғулланаётган ўзбекистонлик Бахтиёр исмли ҳайдовчини ҳақоратлаётган шахс рус миллатига мансуб бўлиб, у жанжал чиқарган вақтида спиртли ичимлик таъсирида бўлган ва уй олдида тўхтаб, йўловчисини тушираётган такси ҳайдовчисини ҳақоратлай кетган. Ҳайдовчи эса унинг провакацияси қурбони бўлишни хоҳламай, унга босиқлик билан жавоб қайтарган. Маст эркак эса аввалига ўзининг Россиянинг Украинага босқинини хастпўшловчи “махсус ҳарбий операция” иштирокчиси эканини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатган. Шунингдек, у ёнидан пичоқ чиқариб, ҳайдовчига ўқталган. Видеода ҳайдовчи босиқлик билан “пичоғингни ол” деяётганини эшитиш мумкин.
Live
Барчаси