Россияда ўзбекистонликларни калтаклаган безори болаларга жиноий иш очилди

3-саҳифа

image

Аввалроқ, Россиянинг Владивосток шаҳри, Хабаровская кўчасида маҳаллий ёшлар гуруҳ бўлиб ўзбекистонлик экани айтилаётган мигрантларни калтаклагани хабар қилинганди. Безориликда гумон қилинган ушбу ўсмирларга нисбатан Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг Приморск ўлкасидаги бўлими томонидан жиноий иш қўзғатилди.

Маълум қилинишича, Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг Приморск ўлкаси бўйича тергов органлари 2025 йил 10 сентябрга ўтар кечаси Владивостокнинг Хабаровская кўчаси ҳудудида безориликда гумон қилинган 15 ёшли ўсмир ва унинг бошқа шерикларига нисбатан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 213-моддаси 2-қисми билан жиноий иш қўзғатган.

Тергов маълумотларига кўра, 2025 йилнинг 10 сентябрь куни ўсмирлар маст ҳолда тўхтаб турган автомобилга сабабсиз шикаст етказган ва салонга аэрозоль сепган.

Айбланувчилар юк машинаси ҳайдовчисига ҳам ҳужум қилган. Бундан ташқари, гумонланувчилар Хабаровская кўчасидаги 24 соат фаолият юритувчи дўконга бостириб кириб, сотувчи ва харидорлар кўз ўнгида ҳайдовчи эркакка ҳужум қилган. Кейин айбланувчилар такси ҳайдовчиси ва машинада бўлган йўловчига ҳужум қилишган.

Бундан ташқари, вояга етмаганлар кўчада туриб, баланд овозда бақириб, тош ва бошқа қўлбола воситаларни қурол сифатида ишлатиб, жамоат тартибини қўпол равишда бузган ҳолда бир эркакка ҳужум қилган.

Билдирилишича, ҳозирда айбланувчиларнинг шахси аниқланган, улардан бири қўлга олинган, икки нафари қидирувда.

“Гумонланувчилар салбий характерга эга ва аллақачон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари эътиборига тушган. Улардан бири “Надежда” дўконида безорилик бўйича жиноий иш бўйича судланувчи. Жиноят иши судда кўриб чиқилмоқда. Ҳозирда Россия Федерацияси Тергов қўмитаси терговчилари воқеанинг барча ҳолатларини аниқламоқда. Жиноий иш бўйича тезкор ёрдам Россия Ички ишлар вазирлигининг Приморск ўлкаси бўйича ходимлари томонидан олиб борилмоқда”, дейилади Тергов қўмитасининг Приморск ўлкасидаги бўлими хабарида.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги бош консули Юсуф Қобилжонов мазкур ҳолат аниқланган заҳоти Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонаси ходимлари ташаббуси билан жабрланган фуқаролар билан тезкор алоқа ўрнатилиб, уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилганини маълум қилганди.

Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари томонидан Владивосток шаҳар Ички ишлар бошқармасига расмий ариза топширилган ҳамда Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Владивостокдаги ваколатхонасига ва Приморск ўлкаси прокуратурасига мазкур масала юзасидан барча тегишли чораларни кўриш зарурлиги ҳақида ноталар юборилган. Мазкур ҳолат Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консулхонаси ва Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан алоҳида назоратга олинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия мигрант ўзбекистонлик Владивосток

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг