Россияда ўзбекистонлик маҳкумлар Украинага урушга боришга мажбурланмоқда
Олам
−
14 Октябрь
9489Россия қамоқхоналаридаги колония ходимлари жазо муддатини ўтаётган марказий осиёликларни, яъни тожикистонликлар ва ўзбекистонликларни Украинага қарши урушда қатнашиш учун шартнома имзолашга мажбурлаяпти. Бу ҳақда “Настоящее время” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, таҳририят билан тожикистонлик Жовид алоқага чиққан. У 32 ёшда бўлиб, Россия қамоқхонасида жазо ўтамоқда. Унга етти йил муддат берилган ва шунинг етти ойи қолган. Унинг сўзларига кўра, тожикистонлик ва ўзбекистонлик маҳбуслар оғир вазиятда. Улар урушга боришни истамаяпти, аммо ҳозирги шароитда колонияда бўлиш ҳам мумкин эмас.
“Одамлар нима қилишни билмаяпти. Улар урушга боргандан кўра ўзимизни ўлдирганимиз яхши деяпти. Агар шартнома имзоламасанг, жазо изоляторига қўйишади. Агар Тожикистон фуқаролигидан чиқиш ҳақида ариза ёзсанг, бу ариза Тожикистонга юборилади. Шундан кейин керакли ҳужжатлар расмийлаштирилади ва сени урушга юборишади”, дейди маҳкум.
Нашрга кўра, Жовид нечта маҳкум шартнома имзолаганини билмайди, аммо ўзи ва танишлари Тожикистон фуқаролигидан воз кечишни хоҳламасликларини айтиб, қўшимча босим остида қолмоқда. Унинг таъкидлашича, айниқса, жазо муддати тугаши яқинлашиб келаётганлар алоҳида босимга учраяпти.
Қайд этилишича, яқинда колониядаги мигрант маҳбуслар гуруҳи таҳририятга ёзган мактубида муассасада Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлган тахминан 400 киши сақланаётганини таъкидлаган. Уларнинг айтишича, колония ходимлари улар билан қўпол муомала қилмоқда, хусусан, улар диний мансублиги учун ҳақоратга учраяпти. Қолган маҳбуслар эса мигрантларни дўппослашга чақирилмоқда. Колония ходимларига бўйсунмаганларга Украинага урушга юбориш билан таҳдид қилинмоқда.
“Улар хоҳлаган одамни урушга юборишларини айтяпти. Ўз хоҳишинг билан борсанг, яхши жойларга тушасан, мажбурий равишда кетсанг фронтга. У ерда тирик қолиш имкони йўқ”, деб ёзган мигрантлар.
Маълумот учун, Россия Давлат думаси 2023 йил март ойида Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган шахсларни жиноий жавобгарликдан озод қилиш, жазо бериш ва судланишни бекор қилиш тўғрисида қонун қабул қилган. Бу қонун кучга киришидан бироз аввал урушга боришга рози бўлган маҳбуслар Россия Президенти Владимир Путин томонидан афв этилмаган. Энди эса уларга “шартли озодлик” берилмоқда ва Мудофаа вазирлиги билан шартномалари автоматик равишда узайтирилмоқда. Бу уларни уруш якунигача жанговар ҳудудларни тарк этиш имконидан маҳрум қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда Украинадаги урушда қатнашган ўзбекистонлик Ойбек Солиевга нисбатан қуролли безорилик айблови билан суд мажлиси бошланган эди.
LiveБарчаси