Россияда мулозимлар оммавий равишда “қулоқлар”га қарши мослама сотиб олмоқда

Олам

image

Россия ҳудудларидаги амалдорлар телефон суҳбатларини яширин эшитишга қарши тизимларни оммавий равишда харид қилмоқда ва охирги икки йил ичида уларга камида 20 миллион рубль сарфлаган. Бу ҳақда давлат харидлари маълумотларига таяниб, “Mash” хабар берди.

Қайд этилишича, кўпинча улар ҳимоянинг икки турини – вибрация ҳосил қилувчи ва шовқин тарқатувчи харид қилмоқда. Биринчиси деразага маҳкамланади ва вибрация ҳосил қилади. Натижада хонадаги овозни ойна орқали ёзиб олиш қийинлашади. Шовқин тарқатувчэса эшик, вентиляция ёки шип ёнига ўрнатилади. У ҳам суҳбатни ёзиб олишга халақит берадиган шовқин ҳосил қилади. Қурилмаларнинг ўзи Россияда ишлаб чиқарилган бўлиши керак, етказиб берувчилар эса давлат сири билан боғлиқ ишлар учун лицензия олади.

Эшитиб олишдан энг кўп Бошқирдистон амалдорлари хавотирда. У ерда ҳимоя тизимлари учун 1,1 миллион рубль сарфланган. Шунингдек, ушбу тизимларни Россия Фанлар академияси (умумий суммаси 666 минг рубль), Узоқ Шарқ божхонаси (500 минг рубль) ва Брянск вилояти думаси (400 минг рубль) ҳам сотиб олган.

Ушбу идора ва ташкилотларнинг барчасида сўнгги йилларда коррупция схемалари аниқланиб, жиноят ишлари қўзғатилган эди. Бошқирдистон собиқ бош вазир ўринбосари вазифасини бажарувчи Алан Марзаев қурилиш компанияларидан 37 миллион рубль пора олгани учун 13 йилга колонияга ҳукм қилинган. Брянск вилоятида 2025 йилда собиқ вице-губернатор Николай Симоненко ва вилоят қурилиш бошқармаси раҳбари Евгений Жура 818 миллион рубль зарар етказилган мансабни суиистеъмол қилиш айби билан қўлга олинган, собиқ губернатор ўринбосари Сергей Тимошенко эса 7 миллион рубль пора олиш бўйича жиноят иши фигурантига айланган. 2025 йилда Россия Фанлар академияси собиқ вице-президенти Константин Солнцев Фанлар академияси маблағларидан 168,7 миллион рублни ўзлаштириш ва ушбу пулларни легаллаштириш бўйича айбдор деб топилган. Узоқ Шарқ божхона бошқармасида эса коррупция ишлари мунтазам равишда қўзғатилади – 2025 йилнинг ўзида камида саккизта жиноят иши очилган. 

Қайд этилишича, амалдорларни ҳам Россия махсус хизматлари, ҳам хорижий махсус хизматлар эшитишга ҳаракат қилмоқда. Ўтган йили Федерал хавфсизлик хизмати хорижий махсус хизматларни смартфонлар орқали юқори лавозимли россиялик амалдорларни эшитиб олишда айблаган. Махсус хизмат маълумотларига кўра, музокараларни эшитиш, шунингдек, электрон қурилмалар атрофида яширин акустик ва видео назорат олиб бориш дастурларидан фойдаланилган. Масалан, “Bloomberg” Трампнинг ёрдамчиси Стивен Уиткофф ва Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков ўртасидаги 2025 йил 14 октябрдаги телефон суҳбатини эълон қилган. “Важные истории” нашри махсус хизматлардаги манбаларига таяниб, ФХХ сиёсатчиларни фаол равишда эшитаётгани ҳақида ёзган эди. 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг