Россияда кафега ракета келиб урилди (видео)
Олам
−
28 Июль 2023
25811Россиянинг Ростов вилояти Таганрог шаҳридаги кафелардан бирида портлаш содир бўлди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Қайд этилишича, ҳодиса оқибатида 15 киши жароҳатланган, 9 нафари эса шифохонага ётқизилган. Уларнинг ҳолати барқарор экани айтилмоқда. Портлаш эпимаркази Таганрог санъат музейи бўлган. Воқеа жойида 60 нафар қутқарувчи ва 17 та техника ишлаётгани айтилмоқда.
Россия Мудофаа вазирлиги берган маълумотга кўра, портлаш ракета парчасининг келиб тушиши натижасида юзага келган. Таъкидлашича, Украинанинг С-200 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими зарбавор вариантга ўзгартирилиб, Ростов вилояти томон зенит ракетаси учирилган. Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими эса ракетани “тутиб олган” ва унинг парчалари тасодифан кафе устига қулаган.
Россия Мудофаа вазирлиги мазкур портлашни “Киев режимининг террористик ҳужуми” деб атаган.
Вилоят губернатори Василий Голубевнинг айтишича, кейинроқ яна бир ракета Ростовнинг бошқа бир ҳудуди – Азов тумани узра аниқланган ва уриб туширилган.
Портлашдан сўнг Таганрог шаҳрида фавқулодда ҳолат режими эълон қилинди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2 апрель куни Россиянинг яна бир шаҳри Санкт-Петербургдаги кафеда ҳам портлаш содир бўлганди. Ҳодиса оқибатида ўшанда таниқли блогер ва ҳарбий мухбир Владлен Татарский ҳалок бўлганди.
LiveБарчаси