Россияда 28 ёшли ўзбекистонлик эркак пиёдани уриб юборди
Олам
−
13 Октябрь
4677Россиянинг Ленинград вилоятида 28 ёшли ўзбекистонлик эркак машинасида пиёдани уриб юбориши оқибатида жабрланувчи воқеа жойида ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Коммерсантъ” хабар берди.
Йўл-транспорт ҳодисаси жорий йилнинг 11 октябрь куни тунда “Мини – Новинка” автомобиль йўлининг 1-километрида юз берган. Ўзбекистон фуқароси Chevrolet Cruze автомобилида йўлнинг қатнов қисмида 50 ёшли эркакни белгиланган пиёдалар ўтиш жойидан ташқарида уриб юборган. Пиёда қорамтир рангли кийимда, нур қайтарувчи элементларсиз бўлган. У олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида ҳалок бўлган.
Вафот этган шахс доимий яшаш жойига эга бўлмагани аниқланган. Ҳайдовчининг сўзларига кўра, авариядан олдин пиёда қатнов қисмининг ўртасида бўлган ва узоқдан кўринмаган. Ҳозирда воқеанинг барча тафсилотларига ойдинлик киритилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда автоҳалокатга учраб, оғир жароҳатланган ўзбекистонлик ортга қайтарилгани ҳақида хабар берилганди. Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси маълумотига кўра, жорий йилнинг 1 сентябрь куни Татаристон Республикаси ҳудудидан ўтувчи Азнакаево–Алметевск трассасида Ўзбекистон фуқаролари иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Ушбу ҳодиса оқибатида Ўзбекистон фуқароси Т.Ж. оғир тан жароҳати олган ва у зудлик билан Алметевск туманлараро кўптармоқли шифохонасига ётқизилган.