Россияда 17 ёшли ўзбекистонлик ўсмир томдан йиқилиб, ҳалок бўлди
3-саҳифа
−
25 Июль 2023
8008Россиянинг Омск вилоятида 17 ёшли Ўзбекистон фуқароси 5 қаватли уйнинг томидан йиқилиб, ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Коммерческие Вести” хабар берди.
Қайд этилишича, воқеа кеча, 24 июль куни кечқурун содир бўлган. Ўсмир шу куни маҳаллий вақт билан соат 19:30 ларда, шаҳарнинг Мира шоҳ кўчасидаги беш қаватли уйнинг томида капитал таъмирлаш ишларини олиб бораётган танишларига овқат олиб борган. Шу вақтда у томдан йиқилиб, шифокорлар келгунига қадар вафот этган. Воқеа жойига Омск вилояти Советский тумани прокурори ўринбосари Пётр Баер ҳам етиб борган.
Ҳолат юзасидан Россия Жиноят кодексининг 143-моддаси 2-қисми (меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
“Прокурор текшируви давомида ҳодисанинг ҳолатлари ва сабаблари аниқланади, шунингдек, ишларни бажаришда хавфсизлик чораларига риоя қилиш бўйича масъул шахсларнинг ҳаракатларига баҳо берилади. Агар асослар мавжуд бўлса, прокурор томонидан жавоб чоралари кўрилади”, деб ёзди вилоят прокуратурасининг Telegram-канали.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Татаристон Республикаси ҳудудида 1998 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Кама дарёсига чўкиб кетиб, вафот этганди. Шунингдек, ушбу мамлакатнинг Ленинград вилоятида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ўзбекистонлик эркак ҳалок бўлганди.
LiveБарчаси