Россия вакцинаси Ўзбекистонга қачон етиб келади?
Жамият
−
27 Ноябрь 2020
11073Ўзбекистон ва Россия мутахассислари COVID-19 коронавирусига қарши “Спутник V” вакцинаси бўйича музокараларни давом эттирмоқда. 2020 йил охиригача ушбу препарат Ўзбекистонда қўлланилиши эҳтимолдан йироқ. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги вакили РИА Новостига маълум қилди.
Сентябрь ойида Россия тўғридан-тўғри инвестиция жамғармаси Ўзбекистон фармацевтика компанияси Laxisam билан 2020-2021 йилларда Ўзбекистонга 35 миллион дозагача “Спутник V” вакцинасини етказиб бериш тўғрисида келишиб олганини маълум қилди. Кейинроқ, Laxisam вакили Ўзбекистоннинг назорат қилувчи органлари билан вакцина етказиб бериш бўйича келишувга эришиш ҳаракатлари давом этаётганини қўшимча қилди. Шунингдек, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 5 минг доза “Спутник V” препаратига буюртма берганини маълум қилди.
“Бу масала ҳали кўриб чиқилмоқда, эҳтимол йил охиригача амалга ошмаса керак. Техник жиҳатдан имконсиз, вақт қолмаган”, деган агентлик вакили Ўзбекистонда вакцинани қўллаш муддати ҳақидаги саволга жавобан.
Таъкидланишича, Ўзбекистонда Россия вакциналарини қўллаш масаласи икки томонлама кўриб чиқилмоқда.
Аввалроқ, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ботиржон Қурбонов 2021 йил июнгача Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизини COVID-19 га қарши эмлашни режалаштираётганини айтган эди.
LiveБарчаси