Россия Украинани Запорожье АЭСини портлатишга тайёрланаётганликда айблади
Олам
−
05 Июль 2023
4984Россия Запорожье АЭСи атрофидаги вазият кескин, деб билади ва у ерда Киев томонидан қўпорувчилик таҳдиди бўлишидан хавотирда. Бу ҳақда Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
"Вазият анча таранг, чунки ҳақиқатан ҳам Киев режими томонидан катта саботаж таҳдиди мавжуд. Оқибатлари ҳалокатли бўлиши мумкин бўлган саботаж", деган Песков .
Кремль матбуот котибининг қайд этишича, Киев ҳеч нарсани менсимасликка тайёрлигини бир неча бор намойиш этган.
“Яқинда биз буни Каховская ГЭСининг портлаши пайтида ҳам кўрдик, бу даҳшатли оқибатларга олиб келди, шунинг учун, албатта, бундай таҳдидга қарши курашиш учун барча чоралар кўрилмоқда”, дея қўшимча қилган Путиннинг воизи.
“Росэнергоатом” концерни бош директори маслаҳатчиси Ренат Карчаа ҳам украиналик ҳарбийлар станцияга узоқ масофали аниқликдаги қуроллар ва дронлардан фойдаланган ҳолда зарба бериш ниятида эканини даъво қилган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 4 июль куни Украина Президенти Владимир Зеленский россиялик ҳарбийлар Запорожье атом электр станциясининг бир нечта энергоблоклари томига “портловчи моддаларга ўхшаш буюмлар” ўрнатганини айтганди. Халқаро атом энергияси агентлиги ходимлари эса Запорожье АЭСида Зеленскийнинг даъволарини тасдиқлайдиган ҳеч қандай аломатларни аниқлай олмади.
LiveБарчаси