Россия Украинага Шимолий Корея ракеталари билан ҳужум қилди – АҚШ
Олам
−
05 Январь
10559Америка Қўшма Штатлари Янги йил байрами арафасида Россия қўшинлари КХДРдан олинган баллистик ракеталар билан Украинага ўқ узганини айтмоқда. Бу ҳақда кеча, 4 январь куни АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби маълум қилди.
Унинг аниқлик киритишича, Шимолий Кореянинг камида битта ракетаси 30 декабрь куни Россия томонидан учирилган бўлиши мумкин. 2 январь куни эса Россия қўшинлари томонидан яна бир нечта шундай ракеталар Украина ҳудудига учирилган. Ҳозирда Қўшма Штатлар ушбу ўқ-дорилардан фойдаланишнинг мумкин бўлган оқибатларини баҳоламоқда.
Кирбининг сўзларига кўра, Пхеньяндаги режим яқинда Россияга баллистик ракета учирувчи қурилмалар ва бир нечта шундай ракеталарни етказиб берган.
"Бу Шимолий Корея томонидан Россия сезиларли ва хавотирли тарзда қўллаб-қувватланаётганини англатади", дейди Жон Кирби.
Қайд этиш жоизки, Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган ракеталарнинг учиш масофаси 900 километрга яқин. АҚШ маъмуриятининг прогнозига кўра, Пхеньян ўз ёрдами эвазига Россиядан ҳарбий техника, жумладан, қирувчи самолётлар, "ер-ҳаво" ракеталари, зирҳли техника ва илғор ҳарбий технологияларни олмоқчи.
“Бу Корея яримороли ва бутун Ҳинд-Тинч океани минтақаси хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин”, дея огоҳлантирди Кирби.
АҚШ маълумотларига кўра, Москва ва Теҳрон ўртасида Эрон ракеталарини етказиб бериш бўйича музокаралар олға бормоқда. Халқаро яккаланиш кучайиши туфайли Россия ҳамфикр давлатлардан ҳарбий техника ва қурол излашга мажбур. Бироқ, Вашингтонда мавжуд бўлган маълумотлар Эрондан Россия Федерациясига ҳали ракета етказиб берилмаганини кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг сентябрь ойида Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Россияга борганди. Октябрь ойида эса Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Пхеньянда бўлди.
LiveБарчаси