Лавров Пхеньянда Ким Чен Ин билан учрашди
Олам
−
19 Октябрь 2023
6075Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровни қабул қилди. Учрашув КХДР пойтахти Пхеньян шаҳрида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Россия ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашув бир соатдан сал кўпроқ давом этган.
Ким Чен Ин билан учрашув олдидан Лавров бир қанча ёдгорликларга – КХДРнинг собиқ раҳбарлари Ким Ир Сен ва Ким Чен Ирнинг ҳайкалари, Совет Мемориал қабристонидаги Қизил Армия аскарларининг қабри ва Совет Армияси Кореяни озод қилганига бағишланган монументга гул қўйган.
Шунингдек, у шимолий кореялик мавқедоши Цой Сон Хи билан ҳам музокара ўтказган. Учрашувда Лавров Шимолий Корея раҳбарининг Россияга сўнгги ташрифидан сўнг мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар “сифат жиҳатидан янги, стратегик даражага кўтарилганини” таъкидлаган.
Пхеньянга ташрифи якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Лавров Шимолий Кореяни Россиянинг “яқин қўшниси” ва “узоқ йиллик ҳамкори” деб атаган. Унинг сўзларига кўра, икки томонлама муносабатларнинг ривожланиши Шимолий-Шарқий Осиёда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Маълумот учун, Россия ТИВ раҳбари кеча, 18 октябрь куни Шимолий Кореяга икки кунлик расмий ташриф билан борган. Бу Сергей Лавровнинг КХДРга тўртинчи сафари. У аввалроқ Шимолий Кореяга 2004, 2009 ва 2018 йилларда ташриф буюрган.
LiveБарчаси