“Секрет”. Путин ва Ким Чен Ин иттифоқи
Таҳлил
−
14 Сентябрь 2023
9384Куни кеча бутун дунё эътибори яна Россияга қаратилди. Чунки 4 йилдан бери мамлакатини тарк этмаётган Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин зирҳли поездида Россияга борди.
Сентябрь ойи бошида ғарб оммавий ахборот воситаларида Ким Чен Иннинг Россияга бориши, Президент Путин билан кўришиши ва у билан ҳарбий ҳамкорликни муҳокама қилиши кутилаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Бироқ Кремль дастлаб буни тасдиқламади. Ким Россияга қараб йўлга чиққанининг эртаси кунигина Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков тилга кириб, яқин кунларда икки давлат раҳбарлари учрашишини маълум қилди.
Хуллас, Ким Чен Ин 10 сентябрда Шимолий Корея ҳарбий раҳбариятининг бир неча юқори мартабали ходимлари билан зирҳли поездда Пхеньянни тарк этди. У олдинги сафар 2019 йилда ҳам Россияга шундай поездда борганди.
Мазкур поезд 20 вагондан иборат бўлиб, у портлашдан ҳимоя қилиш мақсадида пўлат билан қопланган, поезднинг бошида ва охирида қўриқчилар жойлаштирилган.
Шундай қилиб, Ким Чен Иннинг махсус поезди 12 сентябрь куни Россиянинг Приморск ўлкасига етиб келди. Хасан станциясида КХДР раҳбарини Табиий ресурслар вазири Александр Козлов кутиб олди.
Тантанали кутиб олиш маросимидан сўнг, Ким вазир Козлов ва Приморск ўлкаси губернатори Олег Кожемяко билан музокара ўтказди.
Эртаси куни, 13 сентябрда эса Ким Чен Иннинг поезди “Восточний” космодроми яқинидаги станция томон ҳаракатланди. Шу ерда у ўзи билан поездда олиб келган Maybach лимузинига ўтириб, Путин уни кутаётган космодромга борди. Эшик олдидаги қисқа салом-аликдан сўнг, улар биргаликда Космодромдаги объектларни кўздан кечирди. Путиннинг ўзи шимолий кореялик мавқедоши космик технологияларга катта қизиқиш билдираётганини айтган.
Кейин Путин Ким Чен Инга Россияда ишлаб чиқарилган Aurus автомобилини кўрсатди. Ким Aurus’нинг орқа ўриндиғига ўтириб машинага баҳо берди.
Шундан сўнг икки давлат раҳбарларининг делегациялар иштирокида ва яккама якка музокаралари бўлиб ўтди. Улар нима ҳақида гаплашиб, нималарга келишгани номаълум чунки суҳбат ёпиқ эшиклар ортида кечди. Бундан ташқари, учрашувлар сўнгида ҳеч қандай матбуот анжумани ҳам ўтказилмади.
Путин олий мартабали меҳмони шарафига расмий тушлик ҳам уюштирди. Шоҳона зиёфатда Ким Чен Ин Россиянинг ғалабаси, унинг Президенти Владимир Путиннинг саломатлиги учун қадаҳ кўтарган.
“Россия Федерациясининг ҳурматли Президенти, ўртоқ Владимир Владимирович Путиннинг мустаҳкам соғлиғи, буюк Россиянинг янги ғалабаси, Россия-Корея дўстлигининг узлуксиз ривожланиши ва мустаҳкамланиши, бу ерда ҳозир бўлган барчанинг саломатлиги учун қадаҳ кўтаришни таклиф қиламан, ўртоқлар”, деган Ким Чен Ин.
Владимир Путин эса корейс ва рус мақолларини қўшиб “тост” айтди.
“Кореяда “Кийимнинг янгиси, дўстнинг эскиси яхши” деган мақол бор. Бизнинг халқимизда эса “Икки янги дўстдан кўра, бир эски дўст афзал”, дейишади. Бу халқ донолиги мамлакатлар ўртасидаги замонавий муносабатларга тўлиқ мос келади. Россия Федерацияси ва Корея Халқ Демократик Республикаси ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, халқларимиз фаровонлиги ва тотувлиги, ўртоқ раис саломатлиги учун “тост” айтишни таклиф этмоқчиман”, деган Россия Президенти.
Дастурхон устида Ким Чен Ин мезбонни ҳам ўз юртига таклиф қилди. Пхеньяндаги расмий нашрлар Путин таклифни қабул қилганини ёзмоқда. Бироқ Кремль воизи Дмитрий Песков ҳозирда бундай режалари йўқлигини айтган.
Шундай қилиб, Путин ва Ким Чен Иннинг музокаралари тугади. Бироқ Ким дарҳол юртига қайтиб кетгани йўқ. У ҳали Комсомольск-Амурга, фуқаролик ва ҳарбий техника ишлаб чиқариладиган заводларга ташриф буюради. Путиннинг айтишича, КХДР раиси у ерда қурол ишлаб чиқариш жараёнини кузатади. Бундан ташқари, Ким Владивостокдаги Россия Фанлар академиясининг бир нечта объектларини кўздан кечиришни ҳам мақсад қилган.
Ғарб давлатлари ва Шимолий Кореянинг қўшнилари эса мазкур ташрифдан хавотир билдирмоқда. Чунки тахминларга кўра, Шимолий Корея Россияга Украина билан урушда фойдаланиши учун қуроллар етказиб бериши мумкин. Россия эса бунга жавобан озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда КХДРнинг космик лойиҳалари бўйича кўмак беради.
АҚШ Ким Чен Ин ҳали Путин билан учрашмасданоқ Пхеньянни Россияга қурол сотиш оқибатларидан огоҳлантирган ва БМТ Хавфсизлик Кенгашида унга қарши санкцияларни кучайтиришини айтган эди.
Учрашувлар орасида эса Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров БМТ Хавфсизлик Кенгашида Россия ва Хитой КХДРга қарши санкция жорий қилинишига йўл қўймаслигини билдирган.
Айтиш жоизки, БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан Шимолий Кореяга нисбатан жорий қилинган санкциялар қаторига табиий газ таъминотига эмбарго ва қайта ишланган нефть маҳсулотлари экспортини чеклаш каби кўплаб чоралар киради. Шунингдек, мамлакатдан денгиз маҳсулотлари, тўқимачилик, кўмир, темир рудаси, бошқа хом ашё ва фойдали қазилмалар сотиб олиш, ишчи кучини экспорт қилиш тақиқланган. Тахминларга кўра, ушбу чекловларнинг барчаси КХДРни хом ашё ва товарлар экспортидан келадиган даромаднинг 90 фоизидан маҳрум қилади.
Қизиғи шундаки, деярли ҳеч қайси бир давлат билан, президентлар билан чиқишмайдиган Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин Россияга нисбатан бошқача позициясини намойиш этяпти. Бу унинг Путин билан иккинчи бор кўришиши. Шунингдек, унинг Хитой билан ҳам алоқалари ёмон эмас.
Хўш, мазкур ташрифнинг Россия-Украина урушига таъсири қандай бўлади? Уруш сабаб дунё мамлакатларидан яккаланиб қолаётган Путин наҳотки, ўзига шерик сифатида ҳадеганда ракета учираверадиган Ким Чен Инни танласа. Буни фақат вақт кўрсатади. QALAMPR.UZ’ни кузатишда давом этинг, бу ҳақида албатта гапирамиз.