Россия Украина билан музокаралар ҳақида маълумотга эга эмас – Песков
Олам
−
12 Март
6884Кремль Саудия Арабистонида ўтказилган АҚШ-Украина музокаралари натижасида 30 кунлик сулҳ жорий этиш таклифининг моҳияти ҳақидаги тафсилотларни кутмоқда. Бу ҳақда Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бугун, 12 март куни журналистлар билан бўлиб ўтган учрашувда сўз очди.
Песковнинг сўзларига кўра, АҚШ Давлат котиби Марко Рублио ва АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Майкл Уолтц ушбу музокаралар ҳақида батафсил маълумот тақдим этиши керак.
“Сезяпсизми, сиз бироз олдинга боряпсиз. Биз бунга шошилмаяпмиз. Кеча матбуот билан суҳбатда АҚШ Давлат котиби Марко Рублио ва АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Майкл Уолтц бизга Жиддадаги суҳбатнинг моҳияти ҳақида батафсил маълумотни турли каналлар орқали етказишларини айтди”, деган Песков.
Шунингдек, Кремль воизи ОАВ вакилларига бу борада шошилмасликни, 30 кунлик музокаралар бўйича якуний қарор чиқариш учун батафсил маълумотлар керак бўлишини айтиб ўтган.
Песковнинг айтишича, яқин кунларда америкаликлар билан мулоқотлар режалаштирилган.
“Шу кунларда америкаликлар билан алоқалар режалаштирилган ва биз уларнинг тўлиқ маълумотни тақдим этишини кутмоқдамиз”, деган Песков.
У, шунингдек, телефон орқали Путин ва Трамп ўртасида юқори даражадаги суҳбатнинг бўлиши мумкинлигини инкор этмаган.
“Бизда мавжуд бўлган диалог каналлари буни қисқа муддатда амалга ошириш имконини беради”, деган Кремль вакили.
Қўшимча қилинишича, ҳозирда бундай телефон суҳбатига оид аниқ келишув ёки Вашингтон томонидан ҳеч қандай сўров мавжуд эмас.
Путин ва Трамп ўртасидаги музокаралар санаси ва жойи ҳақида аниқлик бор-йўқлиги ҳақида берилган саволга эса Песков рад жавоби берган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида АҚШ ва Украина вакиллари ўртасида музокаралар бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилганди. Ушбу музокараларда Украина делегацияси таркибида Президенти девони раҳбари Андрей Ермак, Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига, Мудофаа вазири Рустам Умаров ва Президенти девони раҳбарининг ўринбосари Павел Палиса иштирок этди. АҚШ делегацияси таркибида эса Давлат котиби Марко Рубио ва Президент Дональд Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Майкл Уолтц бор эди. Музокаралардан сўнг Украина Президенти девонининг раҳбари Андрей Ермак агар Россия худди шундай қадамга рози бўлса, Украина АҚШнинг 30 кунга ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги таклифини қабул қилишга тайёрлигини билдирди. АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ҳам Украинанинг ўт очишни тўхтатиш таклифини Россия томонига етказишларини ва “тўп энди Россия майдонида” эканини айтди.
LiveБарчаси