Ўзбекистон Саудия устидан ғалаба учун FIFA рейтингида неча очко олди?

Sport

−

image

Кеча, 17 ноябрь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Доҳада ўтказилган халқаро ўртоқлик учрашувида Саудия Арабистони устидан қозонилган ғалаба эвазига FIFA рейтингида 5,35 очко жамғарди. Натижада терма жамоанинг умумий очколари 1418,10 га етди.

Учрашув 2:1 ҳисобида Ўзбекистон терма жамоаси фойдасига якунланди. Беллашувнинг бош қаҳрамони Шерзод Эсанов бўлди. У рақиб дарвозасига икки бор йўл топди. Хусусан, 19-дақиқада ҳисобни очди, бироқ орадан тўрт дақиқа ўтиб, Фирас Ал-Бурайкан мувозанатни тиклади. 35-дақиқада эса Шерзод яна бир бор гол уриб, Ўзбекистон терма жамоасини олдинга олиб чиқди.

Иккинчи бўлимда захирадан майдонга тушган ҳимоячи Али Лажами қизил карточка олиб, жамоасининг бир киши кам бўлиб қолишига сабабчи бўлди. Сон жиҳатдан устунликка эга бўлган ўзбекистонлик футболчилар учрашув охиригача ҳисобни сақлаб қолди.

Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси ноябрь ойидаги ўртоқлик учрашувларини ғалаба билан якунлади. Аввалроқ, жорий йилнинг 12 ноябрь куни Фабио Каннаваро шогирдлари Россия терма жамоасига қарши баҳсда 2:3 ҳисобида мағлуб бўлган эди.

Ушбу ғалабадан кейин Ўзбекистон миллий терма жамоаси FIFA рейтингида бир поғона юқорилаб, 59-ўринни эгаллади. Саудия Арабистонига қарши учрашувдан олдин жамоа 60-ўринда бораётган эди.

Маълумот учун, бунгача Ўзбекистон миллий терма жамоаси Саудия Арабистонини охирги бор 2015 йил Австралияда ўтказилган Осиё кубогида мағлуб этган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends