Россия Туркиянинг таклифини рад этди – ОАВ
Олам
−
02 Март
34057Россия томони ғалла шартномасини янгилаш бўйича музокаралар ўтказиш таклифини рад этди. Бу ҳақда манбаларига таяниб, маҳаллий нашрлар ёзмоқда.
Манбаларнинг қайд этишича, Россия ҳукуматининг бу мессежи Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған жамоасига Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров томонидан етказилган.
“Москва учун дон масаласи ниҳоят ёпилди. Қора денгиз ғалла ташаббусини қайта тиклаш ҳақида гап йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас, бу тарихга айланди. Шунингдек, Туркия ҳозирда Москва томонидан Украина билан музокаралар ўтказиш учун эҳтимолий платформа сифатида кўрилмаяпти”, дея аниқлик киритган инсайдерлар.
Маълумот учун, 2023 йилнинг 17 июль куни Украинанинг учта портидан (Черноморск, Одесса ва Южний) ғалла экспорти учун йўлак яратиш ҳамда Россияга озиқ-овқат ва ўғитларни экспорт қилиши йўлидаги тўсиқларни бартараф этишни назарда тутувчи Қора денгиз ташаббуси тугатилганди. Россия томони қашшоқ давлатлар учун ташкил этилган дон келишуви доирасидаги олди-сотди жараёнларининг 81 фоизи юқори ва ўртадан юқори даромадли мамлакатларга тўғри келишини, буларнинг барчаси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида амалга оширилаётганини билдирганди. Россия Президенти Владимир Путин ғалла битими бўйича барча шартлар бажарилмагунча, мамлакат ташаббусдаги иштирокини тўхтатиб қўйишини айтди. Ғарб давлатлари Россияни келишувга қайтишга чақирди, ҳатто, Туркия Президенти Сочига бориб Путин билан гаплашиб қайтди. Бироқ бунинг фойдаси бўлмади – дон битими тикланмади.
Эслатиб ўтамиз, 28 февраль куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Албанияда бўлиб ўтган Жануби-шарқий Европа – Украина саммити иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида Анқара Россия-Украина тинчлик музокаралари учун яна бир бор платформа тақдим этишга тайёр эканини билдирганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь