Эрдўған Россия ва Украина ўртасидаги музокараларни яна Туркияда ўтказишни таклиф қилди
Олам
−
29 Февраль
3434Туркия Россия-Украина тинчлик музокаралари учун яна бир бор платформа тақдим этишга тайёр. Бу ҳақда кеча, 28 февраль куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Албанияда бўлиб ўтган Жануби-шарқий Европа – Украина саммити иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Туркия томони Украина Президенти Владимир Зеленский томонидан таклиф этилган тинчлик режасини “асосан” қўллаб-қувватлайди, бироқ тинчлик ташаббуслари муваффақияти учун ҳар икки томоннинг иштироки зарур.
“Биз тинчлик ўрнатиш учун Истанбулда аввал ўрнатилган музокара столини тиклашга тайёрмиз”, деган Эрдўған.
Шу билан бирга, у ушбу мақсадга эришиш учун барча дипломатик каналлардан максимал даражада фойдаланиш ниҳоятда муҳим эканини таъкидлади.
"Ҳеч бўлмаганда тинчликнинг умумий параметрларини аниқлаш бўйича қўшма ишни бошлаш зарур деб ҳисоблайман", дея қўшимча қилди Туркия раҳбари.
Маълумот учун, 2022 йил февралида ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан кўп ўтмай, Россия ва Украина ўртасидаги можарони ҳал қилиш бўйича музокаралар бошланган. Томонлар бир неча марта Беларусда учрашган ва бир неча марта видеоалоқа орқали гаплашган. 2022 йил март ойи охирида икки давлат делегациялари Истанбулда учрашди. Россия музокарачилари раҳбари, Президент ёрдамчиси Владимир Мединский томонлар муваффақиятга эришганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, Киев хавфсизлик кафолатлари эвазига Украинага нейтрал мақом ҳам таклиф қилган. Бироқ май ойида Россия Ташқи ишлар вазирлиги, сўнгра Украина Президентининг идораси музокаралар тўхтатилганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 28 февраль куни Украина Президенти Владимир Зеленский Украина-Жануби-шарқий Европа саммитида иштирок этиш учун Албания пойтахти Тиранага етиб борганди.
LiveБарчаси