Россия: муштлашувда иштирок этган мигрантлар 40 йилга “депорт” қилинмоқда
Олам
−
11 Август 2021
13654Москвада бўлган оммавий муштлашувларда қатнашган меҳнат мигрантлари 40 йил муддатга депортация қилинади. Муштлашув қатнашчилари орасида Марказий Осиё фуқаролари ҳам бўлган. Бу ҳақда Россиянинг “Блокнот” нашри хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Москвада бўлган оммавий муштлашувларда иштирок этган 100 нафар муҳожир мамлакатдан чиқариб юборилади. Шунингдек, уларнинг барчасига 40 йиллик Россияга киришга тақиқ қўйилади.
Маълумотларга кўра, икки қирғиз фуқароси ва бошқа муҳожирлар ўртасидаги жанжал оқибатида қирғизлар пичоқ билан яраланган. Шундан сўнг, жанжал кўтарганларнинг ватандошлари Москванинг “Кузьминка” метро бекати яқинида намойишни пичоқ, тош ва шишалар билан давом эттиришган. Муштлашув пойтахтнинг аҳоли зич жойлашган ҳудудларидан бирида содир бўлгани туфайли даҳшатли тус олган.
“Ҳозир кўпчилик, ҳаттоки, йиғлаб кечирим сўрамоқда. Бироқ, менинг илтимосим шуки, Россияга ишлашга келган нафақат тожиклар, қирғизлар, ўзбеклар, балки бутун Марказий Осиё фуқаролари ақлини йиғиб олсин”, дейди “депорт” қилинаётганлардан бири.
Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати раҳбарининг маълум қилишича, муштлашувда иштирок этганлар РФ Жиноят кодексининг 213-моддаси 2-қисми билан (гуруҳ томонидан олдиндан келишиб, совуқ қурол ёки жисм билан безорилик) жиноий иш қўзғатилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь