Россия Курскда янги кенг кўламли ҳужум бошлади
Олам
−
11 Октябрь
8486Россия қўшинлари Курск вилоятида кенг кўламли ҳужум бошлади. Суджанинг шимоли-ғарбий қисмида Украинага қарашли бўлинмалар қуршовда қолиши мумкин. Бу ҳақда “Meduza” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Россия қўшинлари Курск вилоятининг бир нечта ҳудудларида янги ҳужумга ўтган. Хусусан, интернетда тарқалган видеоларда Зелёний Шлях (Суджа тумани) ҳудудида ва Олевкадан (Кореневский тумани) тўрт километр жануброқда жанглар давом этаётгани акс этади. Бу шуни англатадики, Россия қўшинлари Украинага қарашли мудофаа чизиғини ёриб ўтиб, тахминан беш километр олдинга силжиган.
Россия Қуролли кучларининг “Север” норасмий Telegram-канали хабарига кўра, Россия қўшинлари Украина мудофаасини ёриб, бешта аҳоли пунктини эгаллаган ва икки батальон душман кучларини қуршовга олган ҳамда икки муҳим таъминот ва эвакуация йўлларини кесиб ташлаган.
Россия Мудофаа вазирлигига яқин бўлган “Рибарь” Telegram-канали 10 октябрь куни кечқурун Россия қўшинлари Кореневский ва Суджа туманларида бир нечта йўналишларда ҳужумга ўтганини хабар қилди.
“Россия қўшинлари гуруҳлари кун охирида Зелёний Шляхга етиб келди. Бу Украина Қуролли кучлари мудофаасининг камида қисман парчаланганини тасдиқлаш имконини беради”, дейилади хабарда.
“Рибарь”нинг маълумотига кўра, Россия қўшинлари Новая Сорочинани назорат остига олган ва Малая Локнага томон ҳаракатланмоқда. Блогер Борис Рожин эса Олевканинг назоратга олингани ҳақида ёзган.
Ҳужум Украина Мудофаа вазирлигига яқин OSINT (очиқ манбалар асосида ишловчи разведка) лойиҳаси “Deep State” томонидан ҳам тасдиқланган. Унга кўра, Россия қўшини Курск гуруҳининг чап қанотини ёриб ўтиб, Telegram-каналлари айтганидан ҳам узоқроққа, Ново-Ивановскогача (Суджа тумани) етиб борган. Бу ерда ҳужумни қайтариш учун нафақат украин бўлинмалари, балки одатда фронт чизиғи орқасида бўладиган артиллериячилар ва дрон операторлари жангга кирган.
“Deep State” харитасида бу ҳудудда Украина Қуролли кучларининг бир зумда 38 квадрат километр майдонни бой бергани, уларнинг “кулранг зона”га айлангани кўрсатилган. “Агенство” бу Курск вилоятидаги Украина ҳудудининг 14 сентябрдан бери энг катта кундалик йўқотилиши эканлигини таъкидлайди. “Север” Telegram-канали эса Россия қўшинларининг умумий олдинга силжиши 10 километрга етганини даъво қилмоқда.
“DeepState” айрим Украина қўшинлари қуршовда қолиши мумкинлигидан огоҳлантириб, “хатолар такрорланиши” эҳтимоли ҳақида маълум қилган. Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский ҳозирча Курск вилоятидаги Россия қўшинларининг ҳужумини изоҳламаган, бироқ 10 октябрь куни телемарафон доирасида намойиш этилган ҳужжатли фильмда у Россиянинг Курск йўналишига тахминан 50 минг ҳарбийни, жумладан, Запорожье, Херсон ва Краматорск йўналишларидан кучларни ташлаганини айтиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Қуролли кучлари Курск вилоятидаги эгалланган ҳудудни камида яна бир неча ой давомида ушлаб туриши ва бу Москва билан бўладиган музокараларда муҳим омил бўлиши мумкинлиги хабар қилинган эди.
LiveБарчаси