Украина Курскнинг бир қисмини яна бир неча ой ушлаб туриши мумкин – “Bloomberg”
Олам
−
10 Октябрь
5874Украина Қуролли кучлари Курск вилоятидаги эгалланган ҳудудни камида яна бир неча ой давомида ушлаб туриши ва бу Москва билан бўладиган музокараларда муҳим омил бўлиши мумкин. Бу ҳақда юқори лавозимли америкалик амалдорларга таяниб, “Bloomberg” хабар берди.
Манбага кўра, Украина кучлари Россия ҳудудидаги гуруҳларини таъминлашда ҳеч қандай муаммога дуч келмаган. Шу билан бирга, Россия қўшинлари Курск вилоятини озод қилиш ўрнига Донбассни эгаллашга қаратилган чекланган қарши ҳужумларни амалга оширган. Бундан ташқари, Украина Қуролли кучларига эгалланган Россия ҳудудида барқарорроқ артиллерия ўқ-дориларини етказиб бериш учун яқинда қўшимча ёрдам берилади. Ҳозирда Киев қишда мудофаани қандай ташкил этишни ҳал қилмоқда ва келгуси йилдаги ҳарбий ҳаракатларни, жумладан, янги тузилган бригадаларни жалб қилишни режалаштирмоқда.
Нашрга кўра, жорий йилнинг 6 августидан бошлаган Украина қўшинларининг тўсатдан Курск вилоятига бостириб кириши Ғарбдаги Киев иттифоқчиларида катта таассурот қолдирди. Бироқ баъзи америкалик амалдорлар агар Россия қарши ҳужум уюштирса ва Украина қўшинларини тезда сиқиб чиқарса, бу операциянинг нархи жуда юқори бўлиши мумкин, деб ҳисобламоқда.
Қайд этилишича, Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакат Қуролли кучлари томонидан эгалланган ҳудудни келажакдаги музокараларда алмашув воситаси сифатида ишлатиши мумкинлигини маълум қилган. Бироқ Россия ҳукумати Курск яқинидаги украин кучларини сиқиб чиқармагунча Киев билан мулоқот қилиш имкониятини рад этган.
Ҳужум давомида Украина армияси тахминан 1300 квадрат километр ва 100 га яқин аҳоли пунктини назоратга олган. Шундан сўнг, Россия армияси қарши ҳужумни бошлаган ва ўнлаб қишлоқларни озод қилгани ҳақида хабар берган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти ва Ғарб давлатлари раҳбарлари ўртасидаги музокаралар жараёни билан таниш бўлган бир нечта амалдор Владимир Зеленский Россия билан музокаралар шартларини муҳокама қилиш ва урушни тугатишга тайёрлигини маълум қилган эди.
LiveБарчаси
2024 йил сўзи сифатида “брат” танлади.
02 Ноябрь