Зеленский урушни тугатишга тайёр – “Bloomberg”

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский Россия билан музокаралар шартларини муҳокама қилиш ва урушни тугатишга тайёр. Бу ҳақда Украина Президенти ва Ғарб давлатлари раҳбарлари ўртасидаги музокаралар жараёни билан таниш бўлган бир нечта амалдорга таяниб, “Bloomberg” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Зеленский томонидан таклиф этилган ғалаба режаси Вашингтонда совуқ қаршиланган. Америка расмийлари Киевни келгуси йил учун зарур бўлган ҳарбий техника, саноат ривожланиши ва молиявий ёрдамни ўз ичига олган йўл харитасини тузишга чақирган. Украина Президенти ўз ёрдамчиларини режанинг тафсилотларини ишлаб чиқиш учун Вашингтонга жўнатган.

Маълумотларга кўра, Киевнинг ғарб иттифоқчилари урушни тугатиш режасини ишлаб чиқиш учун босимни кучайтирган. Юқори лавозимли амалдорга кўра, Киев ҳали ўз режаси тафсилотларини тўлиқ очмаган бўлса-да, Украина амалдорлари стратегик ноаниқлик элементидан фойдаланиб, кейинги ҳаракатлар учун майдон яратиши мумкин.

НАТОга кириш бўйича музокаралар билан таниш бошқа бир манбанинг сўзларига кўра, ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар давомида АҚШнинг ишончли икки томонлама хавфсизлик кафолатлари Киев учун амалда НАТОга аъзо бўлишни англатади. Шу билан бирга, у Москва Украина НАТОга киришига қатъий қарши эканини айтиб, барча томонларни музокара столига ўтказиш учун қандай формула ишлаши номаълумлигини қўшимча қилган.

Маълум бўлишича, Украина Президенти томонидан таклиф этилган “тинчлик формуласи” 1991 йил чегараларига қайтишни ва Россиянинг босиб олинган ҳудудлардан қўшинларини олиб чиқишни талаб қилади.

Маълумот учун, Владимир Путин июнь ойида ўзининг можарони тугатиш режасини тақдим этган. У Украина Қуролли кучларининг Россия томонидан босиб олинган ҳудудлардан чиқиб кетишини, Киевнинг бу ҳудудлар ва Қрим устидан назоратни йўқотганини тан олишини, Украинанинг НАТОга аъзо бўлмасликка ва ядросиз давлат мақомини мустаҳкамлашга рози бўлишини, шунингдек, Россияга нисбатан Ғарб санкцияларининг бекор қилинишини ўз ичига олади. Киев бу режани қабул қилиб бўлмайдиган деб ҳисоблаб, уни дарҳол рад этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ғарб ва Киев Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши учун ер алмашишни муҳокама қилаётгани хабар қилинган эди. Унга кўра, Ғарб дипломатлари ва Украинадаги расмийлар Россиянинг Украинадаги ҳарбий агрессиясини тўхтатиш учун Украина ҳудудлари устидан назоратни сақлаб қолиш схемаси бўлиши ҳақида бир фикрга келмоқда. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия уруш Зеленский “Bloomberg”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг