Россия Курск бўйича КХШТдан ёрдам сўрамади
Олам
−
16 Август
9486Россия КХШТга Курск вилоятидаги вазият билан боғлиқ ҳолда ҳарбий ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат қилмади. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ҳарбий ёрдам кўрсатиш масаласи фақат аъзо давлатнинг расмий сўрови бўлган тақдирдагина пайдо бўлиши мумкин. Бироқ шу кунгача Россиядан Курск вилоятидаги вазият билан боғлиқ бундай мурожаат бўлмаган.
“Ҳарбий можаронинг КХШТ масъулият ҳудудига ўтиши кучайишнинг янги босқичидир. Бизнинг таҳлилий хизматимиз кечаю кундуз ишлайди. Биз вазиятнинг ривожланишини диққат билан кузатиб борамиз ва Ташкилот Низомига мувофиқ ҳаракат қиламиз. Котибият ва Россия Федерациясининг тегишли давлат органлари мунтазам равишда маълумот алмашади. Зарур бўлса, КХШТ котибияти бу ҳолатда кўзда тутилган барча тартибларни белгиланган муддатда амалга оширади”, дейилади КХШТ хабарида.
Маълумот учун, 6 август куни Украина Қуролли кучлари Курск вилоятига ҳужум бошлади. 9 август куни минтақада федерал даражадаги фавқулодда ҳолат жорий этилди. 10 август куни Россия Федерацияси Миллий аксилтеррор қўмитаси Белгород, Курск ва Брянск вилоятларида терроризмга қарши операция режимини жорий қилди. 12 август куни Белгород вилоятининг Украина билан чегарадош Краснояружский туманида эвакуация бошланди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россиянинг Новосибирск вилоятида 12-16 август кунлари КХШТнинг тезкор ҳаракат коллектив кучлари “Кобальт-2024” машғулотларини ўтказиши хабар қилинганди.
Зебо Туробжонова
LiveБарчаси