Россия Киевни бомбалади. Қурбонлар бор (видео)

Олам

−

image

Россия қўшинлари бугун, 30 сентябрга ўтар кечаси Киевдаги “De Novo” маълумотларни қайта ишлаш марказига зарба берди. Шаҳарга уюштирилган ракета ва дронлар ҳужуми оқибатида 2 киши ҳалок бўлди, 5 киши жароҳатланди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги ва Киев мэри Виталий Кличко маълумотларига таяниб, “Ukrinform” хабар берди.

Қайд этилишича, “De Novo” маркази интернет-трафик алмашинувининг асосий нуқталаридан бири бўлиб, Украина Қуролли кучлари манфаатлари йўлида ахборотни қайта ишлаш, сақлаш ва узатишда фойдаланилган.

Россия Мудофаа вазирлиги ҳужум қилинган бошқа объектлар ҳақида ҳам маълумот берган. Жумладан, Киев вилоятидаги Наливайковка қишлоғида ҳарбий-саноат комплекси корхоналарини электр энергияси билан таъминловчи подстанцияга зарба берилган.

Шунингдек, Вишгороддаги гидроэлектр станцияси ва Трипольскадаги иссиқлик электр станцияси ҳам нишонга олинган. Улар вилоятнинг шимолий ва жанубий қисмларидаги ҳарбий саноат объектларини энергия билан таъминлагани айтилган.

Гореничи қишлоғидаги энергия сақлаш аккумуляторлари мажмуаси ҳам ҳужум қилинган объектлар қаторида қайд этилган. Мазкур объект мудофаа саноати объектларининг узлуксиз ишлашини таъминлагани билдирилган.

Одесса вилоятида эса Измаил портидаги ишлаб чиқариш-саноат мажмуасига зарба берилган. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, у ерда Украина Қуролли кучлари учун қурол-яроғ ва ёқилғи сақланган.

Бундан ташқари, Одесса портига ҳарбий мол-мулк ва икки мақсадда фойдаланиладиган юкларни етказиб берган кемага ҳам зарба берилгани билдирилган.

Россия Мудофаа вазирлиги баёнотида айтилишича, Россия армияси Украина Қуролли кучлари НАТО мутахассислари билан биргаликда фойдаланаётган қарор қабул қилиш марказлари, корхоналар ва омборларга зарба бермоқда. Бунда зарбдор дронлар ва узоқ масофага мўлжалланган юқори аниқликдаги қуроллардан фойдаланилаётгани қайд этилган.

Киевдаги ҳужум оқибатида шаҳарнинг тўрт туманида ёнғин чиққан ва турли объектларга зарар етган. Жароҳатланганларнинг 2 нафари шифохонага ётқизилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия дрони Киев марказидаги Украина Миллий фанлар академияси биносига бориб урилганди. Зарба оқибатида 2 киши ҳалок бўлган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг