Россия Киевдаги дарс бўлаётган университетга зарба берди
World
−
17:35 1037 2 minutes
Россия қўшинлари бугун, 2 сентябрь куни Киевдаги университетлардан бирига дарслар давом этаётган пайтда “Shahed“ дронлари билан зарба берди. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳужум вақтида университетда 160 нафар талаба бўлган. Уларнинг барчаси бошпанага яширинган. Шу сабабли талабалар орасида қурбонлар бўлмаган.
Шунингдек, Зеленский Россия кучлари тунда Одесса шаҳрига ҳам ҳужум қилганини айтган. Ҳужум оқибатида тураржой биноси ва шаҳар инфратузилмасига зарар етган. Беш киши, жумладан, бир бола жароҳатланган.
Херсонда эса Россия кучлари фавқулодда вазиятлар хизмати ва полиция ходимлари жойлашган бинога зарба берган. Харьков вилоятидаги ҳужумлар оқибатида минглаб одамлар электр таъминотисиз қолган. Шунингдек, ҳудудда жароҳатланганлар борлиги маълум қилинган.
Украинанинг кўплаб ҳудудларида реактив дронлар ва авиабомбалар қўлланиши хавфи сабаб ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантиришлар давом этган.
Зеленский Россиянинг ҳужумлари кучайиб бораётганини таъкидлаб, халқаро ҳамжамият ва дунёнинг энг нуфузли давлатлари етакчиларининг бунга муносабати етарли эмаслигини айтган.
“Россия ва Эроннинг “Shahed”лари Европада кеча-ю кундуз террор уюштирaётган бир пайтда, бу фақат мамлакатимизнинг муаммоси бўлиб қолмаслиги керак“, деган Украина Президенти.
Унинг қайд этишича, Украинага қилинган ҳар бир зарба, “Shahed“лар ва бошқа қуролларнинг шаҳар ҳамда қишлоқларга қарши қўлланилиши Россиянинг бошқа мамлакатлар ва халқларга қарши ишлатишга тайёрлаётган тактикасини синовдан ўтказаётганини англатади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия қўшинлари Одесса шаҳри ва Одесса вилоятига ракета ҳамда дронлар билан ҳужум қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All